Анқарада Ўзбекистон, Туркия ва Озарбойжон ТИВ раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди

Сақлаш
11:59 / 30.01.2025 12 0

 

Уч давлат бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашлари тасдиқловчи Анқара декларациясини имзолади.

 

Туркия президенти 29 январь куни Ўзбекистон ва Озарбайжон делегацияларини қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Президент Шавкат Мирзиёевнинг мактубини Туркия раҳбарига етказди.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг энг самимий саломлари ва мактубини етказдик. Раҳбарларимиз ўртасида ўрнатилган биродарлик ришталари ҳар бир соҳада яқин ҳамкорлик қилиш учун энг мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Минг йиллик тарих, анъана ва урф-одатлар билан боғлиқ бўлган халқларимиз фаровон келажакни барпо этиш йўлида бир-бири билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда», деб ёзди Бахтиёр Саидов Telegramʼдаги саҳифасида.

 

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Анқарада Туркия ва озарбайжонлик ҳамкасблари билан уч томонлама форумда иштирок этди. Форум олдидан Ҳакан Фидан ва Жейҳун Байрамов билан биргаликда учрашув ўтказилди.

 

«Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва фаровонлик ришталарини чуқурлаштиришга интилишда ҳамфикрдир. Бизнинг умумий салоҳиятимиз жуда катта ва елкама-елка ҳамкорликда келажак авлодлар учун чексиз имкониятлар очади», деган Саидов.

 

Бахтиёр Саидовнинг қайд этишича, ташқи ишлар, савдо, иқтисодиёт ва транспортга масъул вазирлар билан биргаликдаги иккинчи уч томонлама учрашувдаги муҳокамалар кенг қамровли бўлиб, энг долзарб масалаларни ҳал этиш ва мамлакатлар учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш билан бирга турли тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ қадамларни белгилаб берди.

 

Мазкур йиғилишда Ўзбекистон номидан ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов иштирок этди.

 

Бундай форматдаги учрашувларнинг биринчиси 2022 йил 2 август куни Тошкентда ўтказилган эди.

 

Учрашувнинг асосий натижаси халқларнинг барқарор ривожланиши учун дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлган Анқара декларациясининг имзоланиши бўлди. Мазкур декларацияда, жумладан, транспорт ва минтақавий алоқалар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси белгиланган.

 

Декларацияда уч давлатнинг бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашлари тасдиқланади, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг умумтан олинган принцип ва нормаларига риоя қилишларини қайд этади. Унда, шунингдек, уч давлат ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган яқин стратегик шериклик ва ҳамкорликни ривожлантириш борасида кейинги қадамларни қўйишга тайёрлиги қайд этилди.

 

Анқара декларациясини имзолаш жараёнида томонлар инфраструктурага оид масалалар, божхона амалиёти, қонунчилик мутаносиблиги, электрон хизматларни кенгайтириш, савдо йўналишидаги тўсиқларни бартараф қилиш ҳамда ҳамкорликдаги лойиҳалар юзасидан келишиб олди.

 

Уч томонлама учрашувдан сўнг Бахтиёр Саидов Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан билан алоҳида учрашув ўтказди. Муҳокамалар стратегик ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш, савдо айланмасини ошириш, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//