Парижда ўзбекистонлик рассом кўргазмаси очилди

Сақлаш
09:29 / 30.01.2025 11 0

 

Париждаги Галериэ де Буcи галереяси ўзининг 35 йиллик юбилейи муносабати билан ўзбекистонлик рассом Максим Варданяннинг «A Personal Story» («Шахсий ҳикоя») кўргазмасини тақдим қилди. Кўргазмада муаллифнинг йиллар давомида яратган 60 дан ортиқ картиналарини тўплаган галереячи-коллекционер Александр Френкелнинг шахсий коллекциясидаги асарлар омма эътиборига ҳавола этилди.

 

Вернисаж рамзий бўлди. Галерея нафақат санъат институти, балки Варданян учун ҳам Париждаги дебютга айланган 1989 йилги кўргазмани амалда қайта тиклади. Рассом 20 йиллик ҳаёти ва фаолияти орқали Франция пойтахти билан боғланган. «Бозор қоидалари билан ўйнашдан чарчаган» у Тошкентга қайтиб келган ва «бахт сўниб қолган жойда қайта тикланиши» сабабли ўзи учун ишлай бошлаган.

 

 

Варданяннинг услуби тўқнашувчи ранглари, драматик чизмалари ва сюрреалистик поэзияга чуқур кириб бориши билан ўзига хосдир. Унинг ишларида Марк Шагал ва Хаим Сутиннинг таъсирини кўриш мумкин: афсонавий магия ва экспрессив бузилишлар комбинацияси ҳақиқат ва орзу ўртасидаги мувозанат эффектини яратади.

 

Максим Варданян 1962 йилда Тошкентда туғилган. Рассом ўзига хослик, хотира ва маданий мерос мавзуларини ўрганувчи асарлари билан машҳур. Унинг расмлари — абстракт ва символизм уйғунлиги, унда ҳар бир тафсилот ҳиссий ва фалсафий рефлекс элементига айланган.

 

Варданян Тошкент рассомлик билим юртини тамомлагач, ўз фаолиятини Россияда, кейин эса Европада давом эттирди. Унинг асарлари Франция, Бельгия, АҚШ, Буюк Британия ва Япониядаги нуфузли галереяларни безаб турибди, шунингдек, Жон Галяно ва Кензо Такада каби таниқли шахсларнинг коллекцияларида сақланади.

 

Максим Варданяннинг Париждаги «A Personal Story» кўргазмаси 1 мартгача давом этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//