Иқтидорли болани қандай аниқлаш мумкин?

Сақлаш
18:08 / 29.01.2025 20 0

Ҳар бир ота-она фарзандининг зўр олим ёки буюк спортчи бўлишини хоҳлайди. Тўғрими? Хўш, қобилиятни аниқлашда қандайдир мезон борми?

 

Таъкидланишича, истеъдодли болалар бир қатор хусусиятларга эга бўлади. Иқтидорнинг ўзи ҳам бир нечта турга бўлинади. Уни кўриш учун айнан мутахассис бўлиш шарт эмас. Ота-оналар ҳам фарзандларининг қобилиятларини мустақил равишда аниқлаши ва ҳатто уларнинг қобилиятларини ривожлантириши мумкин.

 

Иқтидорли болалар тенгдошларига ўхшамайди. Уларнинг ривожланиш босқичлари бошқача кечади. Бу қуйидаги жиҳатларда ўзини намоён қилади:

1. Intelлект — Болалар ташқи дунёдан олинган маълумотни, ҳатто эрта ёшда ҳам яхшироқ ва тезроқ эслаб қолишади. Бу ўзини умумий билимда ёки талаба учун маълум бир қизиқиш соҳасида намоён қилиши мумкин.

2. Жисмоний салоҳият — Айрим ўғил болалар тенгдошларига қараганда фаолроқ, чаққонроқ ва кучлироқ бўлади. Бундай қобилияти бор кичкинтойлардан машҳур спортчилар чиқиши мумкин.

3. Хулқ-атвор — Баъзи болалар кўпинча безовталанади. Улар ҳатто боғчада ҳам, мактабда ҳам зерикади. Уларнинг қизиқиши қаерда бўлса, қобилияти ҳам шу соҳа билан боғлиқ бўлиши мумкин.

4. Шахсият — кўпгина болалар дунёни тезроқ ўрганади ва психологик жиҳатдан яхши ривожланади. Улар тенгдошларига қараганда анча «етук» бўлади ва доимий равишда ўзини ўзи англашга, ривожлантиришга ҳаракат қилади.

 

Юқорида келтирилганларнинг ҳаммасини ҳам боладан излаш мантиқсизлик аслида. Айнан қайси жиҳат борлигини эса уларга тааллуқли ўйинлар орқали билиш мумкин.

 

Афсуски, ҳозирги вақтда иқтидорнинг аниқ таснифи мавжуд эмас, бироқ психологлар беш турдаги иқтидорли одамларни намуна сифатида келтиради:

 

▪️ Ақлий салоҳияти юқори инсонлар — улар диққатнинг юқори концентрацияси, маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш қобилияти билан ажралиб туради. Бундай истеъдод эгалари жуда кузатувчан бўлади. Юқори даражадаги интеллектуал қобилиятини эса биргина суҳбат орқали билиб олиш мумкин.

 

▪️ Академик салоҳияти юқори инсонлар — Улар мактабда яхши ўқийди ва баҳолари орқали тенгдошларидан яққол ажралиб туради. Ушбу тоифадаги «мўъжизавий» болакайлар бир йил ичида бир нечта синфлар дастурини ўзлаштира олади. Чунки улар кучли хотирага эга ва ўқишни ниҳоятда яхши кўради.

 

▪️ Ижодий салоҳияти юқори инсонлар — Улар замонавий фикрлайди ва ҳамма нарсага ижодий ёндашади. Бу турга мансуб болалар яхши сурат чизади. Шеър ёзишни билади ва қойилмақом рақсга туша олади. Уларда актёрлик қобилияти яхши ривожланган бўлади.

 

▪️ Ижтимоий салоҳияти юқори инсонлар — Улар ҳар қандай одам билан тил топишиб кетади. Ёшми, қарими, барчага бирдек эл бўлади. Бундай одамлар бағрикенг бўлиш билан бирга, уларда лидерлик қобилияти яширинган бўлади.

 

▪️ Психомотор қобилияти бор инсонлар — Улар эрта ёшданоқ жисмоний фаолиятга мойил бўлади. Бундай болалар спорт машғулотларига ва турли хил спорт турларига қизиқади. Натижада, уларнинг танаси янада кучли, ҳаракатчан ва эпчил бўлади.

 

Хўш, иқтидорли болани қандай аниқлаш мумкин?

 

Иқтидорли бўлишга ирцият ҳам таъсир қилади. Тарбия эса у билан уйғунлашади.

 

Мутахассисларнинг айтишича, иқтидор мактабгача ёшда ўзини намоён қилади (тахминан 50% ҳолларда).

 

Очиғи, болада иқтидор бор ёки йўқлигини аниқ айтишнинг иложи йўқ. Аммо билишга қисман ёрдам берадиган тестлар мавжуд, Масалан, Stenford тести болаларда интеллектуал ривожланиш соҳасидаги иқтидорни аниқлаш имконини беради. Ижодкорлик эса Torrance тести ёрдамида баҳоланади. Ота-оналар бу синовларни мустақил равишда қилишлари қийин.

 

Энг яхшиси, болани кузатиш. У нимага қизиқяпти? Қайси машғулотни қилишни ёқтиради? Нима ҳақида гапириб берсангиз, жим бўлиб тинглайди? Ҳамма-ҳаммасини ҳисобга олиш керак.

 

Умумий қарашда, истеъдодли болаларнинг тили эрта чиқади. Гапнинг мазмунини тез илғаб олади. Яхши хотирага эга бўлади. Танқидий фикрлай олади. Сўзлаш жараёнида мураккаб ибораларни, муболағаларни кўп ишлатади. Ҳикоя тўқишга уста бўлади. Қийин вазиятда осон ечим беради. Билимни юзаки ўрганмайди. Хуллас, яна кўпгина жиҳатларни санаб ўтиш мумкин, лекин саналганларнинг бирортаси фарзандингизда бўлмаса, бу унинг иқтидорли эмаслигини англатмайди.

 

Мутахассислар истеъдодли болалар мактабда ҳам, мактабгача таълим муассасаларида ҳам ноқулайликларга дуч келишини айтади. Чунки уларни тушуниш қийин. Жамият ҳам, аксига олиб, уларни қабул қилмайди. Мактабларда эса улар ўзларини тўлиқ намоён қила олмайди. Боиси, уларнинг қобилиятини тартиб-қоидалар чеклаб қўяди. Бундай болалар эса нимани тўғри деб билса, ўшани қилади.

 

Иқтидорли болалар доим кўп савол беради. Ўзларини кимгадир кўрсатиб қўйишни, ниманидир исботлашни хоҳлайди.

 

Таҳлилчилар истеъдодли болани тарбиялашда аввало ота-оналар руҳан тайёр бўлиши керак дея уқтиради. Катталар доим болани кузатиб бориши, уларнинг қизиқишларини ўрганиши ва лаёқатига қараб йўналиш бериб туриши лозимдир.

 

Энг муҳими болани қўллаб-қувватлашни билиш керак. Унинг фикрини инобатга олиш эса боланинг ҳам фикран, ҳам руҳан ўсишига ёрдам беради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//