Жамият
Телевизор болани овунтириш учун энг яхши ёрдамчи ҳисобланади. Айниқса, фарзандини тинчлантириш ва унинг бир жойда ўтиришини хоҳлаган оналар буни жуда яхши билади. Бола эса ойнайи жаҳонда қўйилган мультфильмга сеҳрланиб қолади, тамом-вассалом.
Аммо болани жойидан силжитмай ушлаб ўтирувчи бундай мульти-кантентлар нимани тарғиб қилишидан хабарингиз борми? Улар фарзандингизга нима бера олишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Аслида тарбия учун ўрнак қидираётган бола нимани томоша қилаётганига, нимадан намуна олаётганига жиддий эътибор қаратиш лозим.
Мутахассислар болалар учун ишлаб чиқарилаётган мультфильмларни ҳам саралашни тавсия этмоқда. Сабаби уларда тарғиб қилинаётган нарсалар онг остига тушиб қолиши, бу эса кейинчалик боланинг характерида шаклланиши мумкин.
Бундан бир неча йил олдин психологлар, неврологлар ва масъулиятли ота-оналарнинг ўзлари болаларнинг руҳий саломатлиги учун хавфли деб тан олган айрим мультфильмлар рўйхатини тузиб чиқди. Қуйида улар изоҳи билан келтирилади.
Маша ва айиқ (Маша и медведь)
Унда Қувноқ ва шаддод қиз Маша нафақадаги цирк айиғи билан турли саргузаштларни бошидан ўтказади. Ҳа, бу картина ўзбек болаларининг ҳам энг севимли мультфильми саналади. Бироқ уни томоша қилган кичкинтойлар қизалоқнинг худбин, беодоблигини ўзига сингдириши мумкин. Аксига олиб, Маша мультсериалнинг бош қаҳрамони ва у ҳар бир қисмда бор.
Мутахассисларнинг фикрича, мультфильм болага «барча одоб-ахлоқ қоидаларини буз, хоҳлаган ишингизни қил ва сени кечиришади» мазмунида туртки беради. Шунингдек, у итоат этмасликни ва ёмон ишларни қилишга тарғиб қилади.
Бу мультфильмни ота-оналар ёки ёши катталар билан бирга кўриш тавсия этилади. Шунда ҳам Машанинг қилган ишлари ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги катталар томонидан изоҳлаб турилиши керак.
Винкс клуби — Сеҳргарлар мактаби
Бу мультсериалда 6 нафар ўқувчи қиз тасвирланади. Улар сеҳргар бўлади ва ёвуз кучларга қарши курашади.
Картинанинг хавфли томони образларинг ноодатий кўринишидадир. Қаҳрамонлар катта кўзлар, ингичка, узун оёқлар, кенг думба, ингичка бел ва очиқ кийимлар билан жонлантирилади. Албатта, бу шунчаки анимация, бироқ ёш бола буни реаллик деб билади. Масалан, ёш қизлар мультфильмдаги образни ўзининг қаҳрамони деб билиши, унинг ҳаётда учрамайдиган кўринишини ўзи учун «гўзаллик» деб қабул қилиши мумкин.
Мутахассисларнинг айтишича, сериалда аёл учун керакли бўлган шарм-ҳаё, иффат очиқчасига масхара қилинган. Шунингдек, аёллар дунёсини яратиш идеология сифатида тарғиб қилинган. Бу эса боланинг «аёл» ва «эркак» тушунчасига жиддий зарар етказиш эҳтимоли бор.
Бундан ташқари, унинг «Мен меҳнатсиз ва ташвишсиз ёрқин ҳаётни хоҳлайман» мазмунидаги ғояси болани реалликдан узоқлаштириб тарбиялаши мумкин.
Махлуқчалар мактаби
Мультфильм вампирлар, зомбилар, мутантлар ва бошқа ёш махлуқчалар таълим оладиган мактаб ҳақида ҳикоя қилади.
Бошида сценарийнинг бундай ёзилгани кўпгина мутахассисларнинг мақтовига сазовор бўлди. Чунки унда афсоналар ва эртакдаги қаҳрамонлар бир жойда жамланиши айтилган эди. Аммо якунда унинг ғояси ўзгача бўлиб чиқди. Кўзни қамаштирувчи анимация, аҳмоқона ҳазиллар ва айтиб бўлмайдиган сўзлар боланинг психологияси учун таҳдид солиши маълум бўлди. Қаҳрамонлар ўқишни ёмон кўриши, катталарни ҳурмат қилмаслиги, оилавий қадриятлар, дўстлик, гўзаллик каби тушунчаларнинг бузиб кўрсатилгани эса болага ҳеч қандай маънавий озуқа бермаслиги ойдинлашди.
Мультфильмда салбий характердаги образлар асосий қаҳрамонлар сифатида кўрсатилган.
Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, агар барча белгилар бир хил даражада хунук ва даҳшатли бўлса, болада ким ёмон, ким яхши, ким тўғри ва ким нотўғри иш қилишини аниқлаш тушунча зарарланади. Бу ҳам етмаганидек, уни кўрган кичкинтой кейинчалик қўрқинчли қаҳрамонига тақлид қилишни бошлаганда, унинг ички дунёсида бузилиш рўй беради.
СпонгеБоб – Квадрат шим
Бу кулгили мультсериал кўпчиликка таниш. Унда шимгич (губка) ресторанда ошпаз бўлиб ишлайди. Бош қаҳрамон ҳаддан ташқари содда ва нозиктаъб кўринишда тавсифланади.
Мультфильмнинг қўрқинчли томони у «Нима учун катта бўлиш керак?» мазмунидаги сўроқ билан «гўдаклар авлоди»(болаларча фикрлайдиганлар)ни яратишга тарғиб қилади.
Барбоскинлар (замонавий дунёда яшовчи қувноқ итлар оиласи)
Мультфильмда бешта кучукча танишиб, ўз муаммоларини мустақил равишда ҳал қилади.
Хавфли томони унда носоғлом оила модели кўрсатилган. Унда ота-оналар кимдир хато қилганда ёки танбеҳ бериш керак бўлган кадрда пайдо бўлади.
Болалар эса дўстлардек яшамайди, аксинча улар бир-бирини калака қилади.
Мультфильм тарғиб қиладиган ғоя биродарлик тушунчасига зид.
Том ва Жерри
Ҳаммага маълум ва машҳур мультфильмнинг тарғиб қиладиган ғояси тажовузкорлик экан. Жумладан, эпизодларда мунтазам равишда зўравонлик, шафқатсизлик саҳналари кўрсатилади ва ёмон одатлар намойиш этилади.
Бунда на мушук, на сичқон зўравонлик учун жавобгарликка тортилмайди. Мисол учун картина «Леополд мушук» мультфильмидан тубдан фарқ қилади. Чунки бунда ёмон ахлоқли сичқонлар ўзлари қўйган қопқонга ўзлари тушди ва жазоланади. Том ва Жеррида эса бундай хусусият йўқ.
Трансформерлар
Унда узоқ давом этган роботлар уруши ҳақида ҳикоя қилинади.
Мультфильмни кўрган болада «роботлар инсонлардан кучли» деган фикр шаклланиши мумкинлиги тахмин қилинади. Бола бундай тушунча билан ўз салоҳиятига паст баҳо беради ва қаҳрамонларни енгилмас деб тасаввур қила бошлайди. Кичкинтой тажовузкор саҳналарни кўриб, унга сеҳрланиб қолади. Натижада тинчлик ва меҳрибончиликни тарғиб қиладиган мультфильмлар зерикарли бўлиб туйилади.
Юқорида болакай психологиясига салбий таъсир ўтказадиган мультфильмларнинг баъзилари санаб ўтилди. Аслида уларнинг сони саналганидан кўп.
Хўш, энди ечим қандай? Бундай мультфильмларни кўришни чеклаш керакми? Йўқ, мультфильмлар болаликнинг ажралмас бир бўлаги. Шунинг учун боланинг ҳаётидан уларни олиб ташлаш ёки тақиқлаш мумкин эмас. Устига-устак, намойишкорона тақиқ янада қизиқиш уйғотади.
Энг тўғри йўл бола билан бирга мультфильмларни кўриш ва уларни таҳлил қилиб беришдир. Агар мазкур усул тўғри йўлга қўйилса, ҳар қандай картина салбий оқибатга олиб келмайди.
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ