Хитойликлар яратган сунъий интеллект Америка компанияларини касод қилиши мумкин

Сақлаш
14:38 / 28.01.2025 34 0

Хитойликлар «DeepSeek» деб номланган сунъий интеллект модели яратилганини оммага маълум қилди. Бу янгилик эса Американинг шу соҳада ривожланишни мақсад қилган компанияларини ваҳимага солиб қўйди.

 

Албатта, уларнинг ваҳимага тушиши асоссиз эмас. Масалан, АҚШ тадқиқот компанияси бўлмиш «OpenAI» йиллар давомида миллиардлаб доллар сарфлаб яратган LLM(Large Language Model)ни Хитой компанияси саноқли ойлар ичида, бор-йўғи 6 млн доллар билан ярата олди.

 

Ушбу моделнинг қудрати бенчмаркларда «OpenAI»нинг энг сўнгги «о1» модели билан деярли тенг, ҳатто баъзи йўналишларда устун келади. Бу ҳам етмаганидек, модель «Open source» сифатида тақдим этилган, яъни омма ва бошқа компаниялар ундан бепул фойдаланиши мумкин.

 

Мазкур янгилик АҚШ фонд бозорини остин-устун қилиб юборди. Бунинг таъсирида:

▪️ Nvidia компанияси бир кунда 465 млрд доллар йўқотди (бу АҚШ фонд бозори тарихидаги энг катта кунлик йўқотиш);

▪️ Microsoft 130 млрд доллар зарар кўрди;

▪️ Google компанияси 80 млрд долларидан айрилди;

▪️ Тесла, Мета ва Amazon акциялари кескин пасайди;

▪️ Европа технология акциялари 4,5 фоизга тушиб кетди.

 

Эндиликда кўпчиликнинг бошида битта савол айланмоқда — хитойликлар бунақа моделни 5-6 млн доллар билан ярата олса, биз миллиардлаб доллар сарфлашимиз қанчалик ўзини оқлайди? (Чунки Трамп сунъий интеллект учун 500 млрд доллар маблағ ажратган эди).

 

Хабарда ёзилишича, бир вақтлар Хитой сунъий интеллект соҳасида АҚШга етиб олмасин деб, Вашингтон «NVIDIA»нинг энг кучли чипларини Хитойга экспорт қилишни тақиқлаган эди. Аммо бу ҳам иш бермагани энди яққол аён бўлмоқда. Хитойликлар бундай тақиқлардан нафақат «омон» чиқа олди, балки бугун сунъий интеллект соҳасидаги кашфиётларда Америкадан ҳатто ўзиб кетиши ҳам мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//