Олимлар оилада қайси фарзанд ҳалолроқ бўлишини аниқлади

Сақлаш
17:58 / 27.01.2025 21 0

Ўртанча фарзандлар тўнғич ёки кенжага қараганда киришимлироқ бўлади.

 

Канадалик олимлар томонидан болалар келажакда қандай шахсий хусусиятларга эга бўлиши тадқиқот орқали ўрганилди.

 

Таъкидланишича, инсондаги фазилатларнинг пайдо бўлишида оиладаги фарзандларнинг сони ва қайси вақтда туғилгани муҳим роль ўйнайди.

 

Профессор Майкл Эштоннинг сўзларига кўра, кўп болали оилада туғилиб, тарбияланган одамлар кўпроқ киришимли ва камтар бўлади.

 

«Биз корпоратив хусусиятлар ўртанча фарзандда кўпроқ бўлишини аниқладик. Ундан кейинги ўринларда кенжа, тўнғич ва охирида ёлғиз фарзандлар туради», дейди у.

 

Мутахассислар тадқиқот давомида 2 та гуруҳ устида тажриба ўтказишди. Синов жараёнига жалб қилинганларнинг аксарияти Канада, АҚШ, Австралия ва Буюк Британиядан бўлган.

 

Тадқиқотнинг мақсади шахсият ва туғилиш тартиби ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш эди. Бу жумбоқ олимлар томонидан йиллар давомида ўрганилиб келинаётган эди.

 

Хуллас, 700 минг нафар иштирокчидан иборат гуруҳдан туғилиш тартибини (масалан, биринчи, ўрта ва охирги, шунингдек, ёлғиз фарзандми ёки йўқлиги) кўрсатиш сўралган. Тадқиқотда ака-ука, опа-сингиллар, биологик жиҳатдан боғлиқлигидан қатъи назар, бир оилада ўсган болалар сифатида белгиланган.

 

Респондентлардан тахминан 20 йил олдин яратган HEXACO шахсият инвентаризацияси деб номланган батафсил шахсий сўровномани тўлдириш сўралган.

 

Маълум бўлишича, бу инвентаризация шахсиятнинг олтита асосий хислатини ўлчайди (масалан, самимийлик, камтарлик, ҳалоллик каби). Шунингдек, бундай хислатларга ўз манфаатини устун қўймаслик, қоидаларга содиқлик кабилар ҳам киритилган.

 

Хулосага кўра, хушмуомалалик тоифасидан юқори балл олганлар, паст балл олганларга қараганда айбни осонроқ кечиради ва камроқ ҳукм чиқаради. Улар муросага келишга ҳамда бошқалар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бундай инсонлар ўз жаҳлларини осонгина бошқара олади.

 

Тадқиқотчилар аниқлашича, ҳалоллик, камтарлик ва қаноат қилиш хислатлари туғилиш тартиби билан ғоятда боғлиқ. Жумладан, ўртанча фарзандлар бу категориялар бўйича энг юқори балл тўплаган. Кенжа фарзандлар эса бунда иккинчи, тўнғичлар эса 3-ўриндан жой олган. Ёлғиз фарзандлар эса энг ёмон кўрсатгич қайд этган.

 

«Кенжа, тўнғич ёки ёлғиз фарзандларнинг баҳолари истисно қилиниши мумкин, бироқ ўртанча фарзандларнинг баллари ҳақиқатга яқин туради», дейди тадқиқот ўтказган мутахассислардан бири.

 

Олимлар дастлаб ака-укаси ёки опа-синглиси бор бўлган болалар ўзгача қобилиятга эга бўлиши мумкинми, дея ҳайрон бўлишган. Аммо якунда уларнинг яхши кўрсатгич қайд этгани кўп фарзандлар оралиғида туғилгани билан боғлиқ экани маълум бўлган.

 

Хулосани янада аниқлаштириш учун олимлар яна тадқиқот ўтказишган. Бу сафарги гуруҳга 77 минг нафар иштирокчи жалб қилинган. Улардан ўзлари билан ўсган биродарлар сони ҳақида сўралган.

 

Якунда мутахассислар ака-укалар қанчалик кўп бўлса, ўртанча фарзандларнинг ҳалоллик, камтарлик ва хушмуомалалик даражаси шунча юқори бўлишини аниқлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//