Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида сил касаллиги аниқланди

Сақлаш
12:03 / 24.01.2025 22 0

Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги умумтаълим мактабларидан бирида сил касаллиги аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди.

 

Аниқланишича, Шайхонтоҳур туманидаги 59-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси М.С. 2024 йилнинг 26 декабрида Тошкент шаҳар 3-сон фтизиатрия диспансерига мурожаат қилган.

 

Беморнинг опаси М.Д.нинг сўзларига кўра, синглиси М.С. сўнгги ойларда тез-тез бетоб бўлган. Даволаниш учун фақат хусусий клиникага мурожаат қилган. Охирги марта ЛОР-шифокор кўригидан кейин 3-сон фтизиатрия диспансерига юборилган.

 

Диспансерда ўтказилган рентгенография текшируви натижасида унга «Ўнг ўпка юқори бўлаги яллиғланган сили, емирилиш даври, БК +» ташхиси қўйилган ва бемор дарҳол Тошкент шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасига ётқизилган.

 

М.С. билан уйда мулоқотда бўлган 6 киши (2 нафари 6 ёшгача болалар) 2024 йил 27 декабрда 3-сон фтизиатрия диспансерида рентген текширувидан ўтказилган ва уларда фаол сил касаллиги аниқланмаган.

 

Шунингдек, М.С. билан мулоқотда бўлган ва касаллик юқтириш хавфи мавжуд 59-сонли умумтаълим мактаби ва бемор қўшимча дарсга қатнаган хусусий ўқув мактаби ўқувчилари ва ўқитувчилари Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида 3-сон фтизиатрия диспансерида рентгенография ва диаскин тест текширувларидан ўтказилган.

 

Текширувлар давомида 1 нафар ўқувчи (2008 йилда туғилган А.А., бемор М.С.нинг яқин дугонаси)да «Ўнг ўпка юқори бўлаги ўчоқли сили» БК абс аниқланиб, у шифохонага ётқизилган.

 

Шунингдек, 3 нафар ўқувчи — А.А., Р.М. ва Э.Д. ва 1 нафар ўқитувчи Б.У.ларда касалликка мойиллик аниқлангани сабабли профилактик даво муолажалари бошланган.

 

Аниқланган камчиликлар юзасидан Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 59-сонли умумтаълим мактаби директорига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

 

Бугунги кунда 59-сонли умумтаълим мактабида давлат дастури асосида капитал реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабабли ушбу таълим муассасасининг бошланғич синф ўқувчилари 115-умумтаълим мактабида, юқори синф ўқувчилари эса тумандаги 82-сонли умумтаълим мактабида ўқишни давом эттирмоқда.

 

Хабарга кўра, жорий йил 21 январда 82-сонли умумтаълим мактабида тегишли зарарсизлантириш ва димлаш тадбирлари такрорий олиб борилган. 2025 йил 22 январь куни эса ялпи тозалаш ва шамоллатиш тадбирлари ўтказилган.

 

Шунингдек, 115-сонли умумтаълим мактабида ҳам 23 январь куни тегишли зарарсизлантириш ва димлаш тадбирлари такрорий ташкил этилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//