Сиёсат
21 январь куни соат 03:27да Туркиядаги таниқли меҳмонхоналардан бирида бахтсиз ҳодиса рўй берди – Болу шаҳридаги 12 қаватли ёғоч меҳмонхонада йирик ёнғин содир бўлди.
Туркиянинг Шимоли-Ғарбидаги меҳмонхонада қарийб 250 нафар фуқаро бўлган; Талаба ва ўқувчиларнинг таътил даври бўлгани учун меҳмонхона 80 % меҳмонлар билан тўла бўлган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги вазири Али Ерликая хабарига кўра, ёнғин оқибатида вафот этганлар сони 80 кишига етган, 50 дан ортиқ жароҳатланганлар мавжуд. 52 нафар қурбон шахси аниқланган, 45 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади оиласига етказилган. Ҳудудда тан жароҳати олганларни даволаш учун шифохона ташкил этилган.
Ўзбекистон Бош консулхонаси вафот этганлар ва жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлиги ҳақида хабар берган.
Ёнғин 10 соатда назоратга олинган. Ички ишлар, маданият, туризм вазирлари тегишли ҳудудга келиб, текширув ўтказган. Ҳодиса юзасидан тергов бошланиб, 11 киши, жумладан, меҳмонхона эгаси ҳам ҳибсга олинган.
Меҳмонхона ходимларидан бирининг сўзларига кўра, ёнғин тоғли курорт ресторанидан чиқиб, бутун меҳмонхонани қамраб олган.
«Деразадан ёшлилар ҳам, ёшлар ҳам сакрарди. Бир отанинг қучоғидаги бола ҳалок бўлди. Жуда кўп масъулиятсизликлар бўлган. Ёнғин йўлаги бор, лекин у меҳмонхонанинг ичида, жуда мантиқсиз қурилган. Меҳмонхона тўлиқ ёғочдан ясалган. Кичик бир учқундан алангага айланди» – дейди у.
Унга кўра, бу қадар катта қамровли меҳмонхонанинг шахсий ёнғин ўчириш ва тез ёрдам машиналари йўқлиги – алоҳида муаммоли масала.
Ҳолатга гувоҳ бўлган қўшни меҳмонхона ишчилари ва дам олувчилар кўрганлари ҳақида сўзлаб берди.
Кўрпа олиб келинг, фарзандимни ташлайман
Шу тумандаги меҳмонхоналардан бирида бўлган Али Атмака одамлар қичқириғи, ёрдам ҳайқириғидан уйғониб пастга тушганини айтади. Унинг сўзларига кўра, одамлар ёнғин даҳшатидан деразалардан сакраган, атрофдагилар эса улар қаттиқ ерга тушмасин учун ерга кўрпа-тўшаклар солган:
«Бизнинг ёрдамимиз қанчалик фойда берганини билмайман. Одамлар кўз олдимизда қурбон бўлди, бу руҳиятимизга жиддий таъсир қилди. Кейин ўт ўчирувчилар келди. Бироқ меҳмонхонанинг мураккаб тузилмаси уларга мураккаблик туғдирди. Биз ёрдам бериш учун кўрпа-тўшаклар олиб бордик. Одамлар ҳатто, фарзанди билан ҳам деразадан сакрамоқчи бўлди. Фарзандини кўтарган бир инсон «Кўрпа олиб келиб, ўз фарзандимни ташлаяпман, ушланг!» деди. Бахтимизга, ўша вақтда ўт ўчирувчилар келиб, бола ҳаётини сақлаб қолди. Қутқарув ишлари тезкорлик билан амалга оширилганига қарамай, ёнғиннинг кенг қамрови туфайли кўз олдимизда қанча инсон вафот этди» – дейди у.
Яна бир гувоҳ Анадолу агентлиги мухбирларига кўрганлари ҳақида сўзлаб берди:
«Иш сменам тугагач, ўз номеримга қайтаётгандим. Қўшни меҳмонхонадан келган ҳайқириқлардан кўчага чиқдим. Одамлар меҳмонхонани қамраб олган тумандан ваҳимага тушиб, ойнадан ёрдам сўраб, бақирарди. Биз арқон, ёстиқ, кўрпалар олиб чиқдик ва ўт ўчирувчиларни кутардик. Бу тахминан 2 соат давом этди. Ўт ўчирувчилар келгунича юқори қисм ёна бошлади. У ерда икки аёл бор эди, улар ойнадан шунчаки сакради. Ёнғин ўчириш ходимлари келганида бизни четроқ ўтишимиз айтилди. Биз арқонларни имкон қадар узоқроққа узатишга ҳаракат қилардик. Яна бир қария бор эди, у арқонни маҳкам ушлашга уринди, бироқ кўли сирғаниб, йиқилди ва оёғини синдириб олди» – дейди Бариш Саргюл.
Тармоқларда тарқалган суратлардан меҳмонхона фойдаланувчилари чойшабларни бир-бирига боғлаб, ёнаётган ҳудуддан қочишга, ойнадан сакрашга уринган. Губернатор Айдин сўзига кўра, вафот этганларнинг икки нафарининг ўлими ваҳима билан деразадан сакраш оқибатида содир бўлган. Ҳодиса яқинидаги меҳмонхона мижозлари ҳам эҳтиёт чораси сифатида эвакуация қилинган.
Ёнғин оқибатлари туфайли халқаро ҳамжамият – Озарбойжон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон президентлари ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг давлат ташкилоти, жумладан, Евроиттифоқ ва Европа парламенти масъуллари ҳам Туркия президенти ва жабрланганлар оиласига ҳамдардлик билдирди.
22 декабрь – Туркияда мотам куни деб эълон қилинди. Президент Ражаб Тоиб Эрдўғон вафот этганлар оиласига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга шифо тилади.
Маълум бўлишича, меҳмонхонада бутун бир Гюлтекинлар оиласи – унинг 9 нафар дам олаётган аъзоси ҳам вафот этган. Улар билан видолашув маросимига минглаб одамлар ташриф буюрган.
«Биз хафа бўлдик, юракларимиз оғриди» – дейди уларнинг жаноза маросимида иштирок этган президент.
Масъуллари бундай вазиятларда ёлғон маълумотлар тарқатмасликка ва дезинформацияга ишонмасликка чақирган.
Ёнғин сабаби ҳалигача аниқланмаган.
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ