Марказий банк асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Сақлаш
10:56 / 23.01.2025 18 0

 

Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига қадар умумий инфляция 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

 

Қайд этилишича, сўнгги ойларда умумий инфляция пасайиб бориши билан бирга иқтисодиётдаги инфляцион омиллар турли йўналишларда шаклланмоқда. Келгуси чоракларда инфляцияга ўтган йилги энергия нархлари эркинлаштирилишининг таъсири камайиб бориши кутилаётганлигига қарамасдан инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолаётганлиги пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

 

Қабул қилинган қарор базавий инфляция кўрсаткичлари ва инфляция кутилмаларини барқарор пасайиш трендига қайтаришга ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароит яратишга қаратилган.

 

Янгиланган тахминларга кўра, 2025 йил якунига умумий инфляция 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

 

Жорий йилнинг биринчи ярмида 2024 йилдаги энергия нархлари эркинлаштирилишининг бирламчи таъсири тугаб бориши II чорак якунида умумий инфляцияга сезиларли пасайтирувчи таъсирга эга бўлади. Шу билан бирга, 2025 йилда мазкур ислоҳотнинг навбатдаги босқичи амалга оширилиши муддати бир ойга фарқланиши ҳисобига апрель ойида умумий инфлясия даражасининг вақтинча ошиши кутилмоқда.

 

Келгусида юқоридаги ўзгаришларнинг базавий инфляцияга иккиламчи таъсирлари даражаси пул-кредит шароитлари йўналишларини белгиловчи муҳим омил бўлади.

 

2025 йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий инвестисиялар ортиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, товар ва хизматлар таклифининг ортишига хизмат қилади.

 

Шу билан бирга, келгуси чоракларда жаҳон бозорида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўсиши бўйича хатарлар импорт нархлари орқали инфляцияга оширувчи таъсирга эга бўлиши мумкин.

 

Пул-кредит шароитлари қатъийлик даражаси сақлаб қолиниши натижасида келгусида ҳам кредитлаш ҳажмининг ўсиши мўътадил бўлиши ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари давом этиши ялпи талабни мувозанатлаштирувчи ва монетар омилларнинг инфлясияга таъсирини камайтирувчи хусусиятга эга бўлади.

 

Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, 13,5 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//