Вазирлик картошка нархининг кўтарилиши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди

Сақлаш
14:53 / 21.01.2025 7 0

Сўнгги кунларда баъзи ижтимоий тармоқларда Қозоғистон Республикаси картошка экспортига чеклов қўйгани, бу эса Ўзбекистонда картошка нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келиши ҳақида хабарлар айланмоқда. Ушбу хабарлар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.

 

Маълум қилинишича, мамлакат аҳолисининг картошкага бўлган йиллик талаби 4 млн тоннани, аҳоли жон бошига эса 110 кг ни ташкил этади.

 

2024 йилда мамлакатда жами 3,7 млн тонна, шундан асосий майдонда 2,7 млн тонна ва такрорий экин сифатида 1 млн тонна картошка етиштирилган. Мазкур ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган ва табиий йўқотиш 100 минг тонна (3 фоиз) атрофида белгиланган.

 

Одатда етиштирилган картошканинг 3 млн тоннаси, шундан асосий майдон ҳосилидан 2 млн 250 минг тонна 2024 йил апрель октябрда ва такрорий майдон ҳосилидан 750 минг тоннаси 2024 йил ноябрдан 2025 йил апрелгача ички истеъмолга йўналтирилади.

 

2024/2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан 245,5 минг тонна (94,8 фоиз) картошка захирага жамғарилган ва фсп.агро.уз онлайн платформаси орқали субъектлар кесимида мониторинг йўлга қўйилган.

 

Захирага жамғарилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига чиқариш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар 10 кунлик тармоқ жадвали ҳудудлар кесимида тасдиқланиб, ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборилган.

 

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг картошка импорти фақат Қозоғистон Республикасига боғланиб қолмаган. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини диверсификация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар самараси туфайли айни пайтда қўшни Қозоғистондан ташқари Покистон, Қирғиз Республикаси ва Афғон Ислом Республикаларидан ҳам картошка импорт қилиш йўлга қўйилган.

 

Бундан ташқари, картошка етишмовчилигининг олдини олиш ва ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўриш учун 2024 йил 6–11 декабрь кунлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари И. Эргашев раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Эрон ва Покистонга юборилган.

 

Ташриф давомида эришилган келишувга мувофиқ, 2025 йил январь – май ойларида мамлакатга Эрондан 100 минг тонна ва Покистондан 100 минг тонна, жами 200 минг тонна картошка етказиб берилади.

 

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятидаги дала майдонларида етиштирилаётган картошка ҳосили март ойининг иккинчи ярми ва апрель ойларида тўлиқ ички бозорларга чиқарилади.

 

Юқоридаги маълумотларни тақдим этар экан, вазирлик фуқаролардан бир томонлама олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда тарқатилаётган хабарларга алданиб қолмасликни, журналистлар, ижтимоий тармоқлар фаоллари ва блогерлардан эса бу каби хабарларни тайёрлашда асосли маълумотлардан фойдаланишларини сўраган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//