“Онг оламидаги инқилоблар”, “Сўнгги жадиднинг қизи”, “Ҳинд йиғиси” – “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
18:30 / 20.01.2025 6 0

“Маънавият” асосий тушунчалар луғатида авлод тушунчасига “тор маънода алоҳида бир шахс, оила ёки сулоланинг давомчиси бўлган фарзандлар ва уларнинг зурриёдлари, кенг маънода эса миллат, халқ, цивилизация ривожининг муайян босқичида ягона ғоя, мақсад ва вазифалар билан майдонга чиқадиган, тараққиёт жараёнида узвийлик ва давомийликни таъминлаб, ўз даври қиёфасини белгилаб берадиган, ижтимоий ҳодиса даражасигача кўтариладиган кишилар гуруҳи” дея таъриф берилган.” “Авлод назарияси” таҳлил қилинган Нигора Ҳусанованинг “Онг оламидаги инқилоблар” мақоласи тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2024 йил 4-сонида танишинг.

 

“Болалик шудгорга ташланган уруғга ўхшайди. Агар яхшилаб парвариш қилсангиз, албатта ҳосил оласиз. Агар муҳит қурғоқчиликдан иборат бўлса ёки вақтида ўғитини олмаса, умуман, парвариш суст бўлса, ҳосил ҳам шунга яраша, уруғи пуч, таъми тахир, тош босмайдиган, палағда бўлади. Палағда истеъдодлар палағда маҳсулотлар яратади. Бугунги кунимизнинг энг катта фожеаларидан бири – палағда истеъдодлар кўпайиб кетганида. Бугунги дунё, шу пайтгача маданий онгнинг мезони бўлган ёввойи ё маданийларга эмас, китоб ўқиган ва ўқимаганларга бўлинаяпти. Ўқимай қўйсак фикрлашдан, ўзимиздаги “лойиҳа”ни амалга оширишдан тўхтаб қоламиз.” Журналнинг “Бурилиш нуқтаси” рукнида шахс яралишидаги мутолаанинг ўрни ҳақида ёзувчи Назар Эшонқулнинг фикр ва мулоҳазалари “Инсон бу – лойиҳа” сарлавҳаси остида  эълон қилинган.

 

“Пранк – қарангки, тилимиз бу мазмунни ифодалашда ҳам бой экан. Ҳазрат Навоий “ҳазил” сўзи билан бирга “зарофат” ва “мутойиба” сўзларини ҳам қўллаган. Менимча, пранк ўрнига “ҳазил” сўзи мос келади, яъни: ҳазил видео. “Пранкда бир оз мазах ҳам бор-ку” деган эътироз бўлиши мумкин, бундайлари “мазах видео”, янаям қорароғи – “масхара видео” дейиш мумкин ва ҳоказо”. “Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласида она тилимизга кириб келаётган ҳамда ўзлашаётган янги (чет) сўзлар ва уларнинг бисотимиздаги муқобили ҳақида мутахассисларнинг тавсиялари билан танишасиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларида “Майсалар офтобга талпинган каби...” (Шодмонқул Салом), “Нўғайлар кимлар?” (Анвар Бўронов), “Қизиқчиликми ё бузуқчилик” (Азим Рўзиев), “Тахаллус нега танланади” (Холиёр Сафаров) мақолалари, “Касбимни нега ўзгартирдим?” (давра суҳбати), “Қайсин Қулиев огоҳлантиради” ҳикматлари, “Ижод оғриқлари” (режиссёр Шокир Холиқов билан) суҳбатини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Оралиқдаги хатарлар” (Собир Жумаев), “Қалтис саволларга нозик жавоблар” (Ҳикматиллоҳ Тоштемиров), “Сўнгги жадиднинг қизи” (Гулнора Қўшжонова) хотиралари, “Дунёни уйғотган аллома” (Исматилла Тўхтаев), “Ҳинд йиғиси” (Санжар Тошбеков), “Олисдаги дарё овози” (Ғайрат Мажид), “Ҳақ одамлари” (Шукур Жаббор), “Худо берган Худойберди” (Сардор Қувонов) ҳақида сўз боради.

 

“Ҳар бир халқ улкан дарахтга ўхшайди. Унинг илдизлари нақадар теран бўлса, қадди-басти ҳам шунга яраша улуғ бўлади. Маънавият халқнинг ана шундай ўқ томиридир. Бу илдизлардан сув ичган авлод асло кам бўлмайди. Кўзлаган муродига ҳам шу қувват билан етиб келади.” Мазкур фикр журналнинг 2024 йил 4-сонига хулоса ўрнида келтирилган. “Маънавий ҳаёт” билан ўқ томирларингизни қувватлантириб боринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//