Nokia компанияси смартфонлар бозорини тарк этди

Сақлаш
13:14 / 15.01.2025 14 0

Финляндиянинг HMD Global (Human Mobile Devices) компанияси Nokia бренди остидаги смартфонларни энди сотмаслигини маълум қилди.

 

Аслида бундай қарор 2024 йилда бошланган эди ва ўша йилнинг охирига келиб бу амалга ошди.

 

Ҳозирда HMD Global сўнгги саккиз йил ичида чиқарган барча Nokia смартфонлари, ўз веб-сайтида эскирган ва ишлаб чиқариш тўхтатилган қурилмаларга бағишланган янги бўлимга кўчиб ўтган. Энди компания ўз бренди остидаги смартфонларни сотади. Унинг жорий каталогида Key, Arc, Skyline, Fusion, Aura, Pulse ва бошқа бир қатор моделлар мавжуд. Шундай бўлсада, ишлаб чиқарувчи томон ҳамма учун қадрли бўлган классик Nokia телефонини сотишдан тўлиқ воз кечгани йўқ. Масалан, компания 2026 йилгача Nokia брендидан фойдаланиш лицензиясини сақлаб қолади.

 

Хабарга кўра, HMD Global Nokia бренди остида ўзининг янги маҳсулотни чиқарган эди. Аммо у ҳам оммалашмади. Шунда раҳбарият бундан буён товарнинг кўп сотилишига унинг машҳур бренд номи остида ишлаб чиқарилиши таъсир қилмайди деган хулосага келган. Жумладан, HMD томонидан ишлаб чиқилган Nokia смартфонларининг биринчи моделлари 2017 йилнинг январь ойида оммага тақдим қилинган. Афсуски, унинг бозори чаққон бўлмаган.

 

Маълумот учун, Nokia Appleʼнинг гаджетлари пайдо бўлгунга қадар смартфон бозорида энг йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланар эди. Ўша вақтларда ўзига хос хусусиятга эга бўлган Nokia телефонларига сифат жиҳатидан ҳам, машҳурлик жиҳатидан ҳам тенг келадигани йўқ эди.

 

Nokia нафақат уяли телефонлар, балки смартфонлар бозорида ҳам етакчи ҳисобланган. Бу лидерлик 2007 йилнинг бошигача, Apple биринчи iPhoneʼни чиқаргунга қадар давом этди. Бу вақтда Nokiaʼнинг рақобат учун тавсия этадиган маҳсулоти йўқ эди.

 

Унинг Symbian OS асосидаги смартфонлари деярли барча кўрсаткичлар бўйича iPhone'дан ортда қолиб кетди. Аслида ҳам Symbian OS'нинг имкониятлари ва фойдаланиш қулайлигини iOS билан таққослаб бўлмайди.

 

Йиллар ўтиб истеъмолчилар Nokia маҳсулотларига қизиқмай қўйди, натижада компания ўзининг мобил бўлинмасини сотишга мажбур бўлди.

 

2013 йил сентябрь ойида харидор ҳам топилди. Бу Microsoft корпорацияси эди (транзакция суммаси: 5,4 млрд доллар).

 

Apple билан рақобат қилиш учун Microsoft Nokia'га керак эди, бироқ режа аянчли тарзда барбод бўлди. Чунки қўшма ташкилотлар яратган маҳсулот дунёни қизиқтирмади. Якунда катта умид қилинган Microsoft 2016 йилнинг май ойида Nokia'ни HMD Global'га (бор йўғи 35млн долларга, яъни уни сотиб олганидан 15 баробар арзонроққа) сотиб юборди.

 

HMD Global эса Nokia бренди ва логотипидан фойдаланмоқчи эди. Хуллас, инқирозга юз тутаётган брендга халоскорга қаралгандек қаралди. HMD Global фойда топдими ёки унинг аксими, бу аниқ эмас, лекин шуни таъкидлаш керакки, қачонлардир барчанинг севимли бренди бўлган Nokia охирги 8 йил ичида сотув ҳажми бўйича кучли 5 ликка ҳам кира олмади.

 

Янги Nokia смартфонларига келсак, улар фойдаланувчиларни ўзига жалб қиладиган ўзига хос хусусиятларга эга эмас эди. Бу маҳсулотлар бозорда жуда кўп бўлган жуда оддий Андроид мобил телефонлари бўлиб қолаверди ва улар энг яқин рақобатчиларидан фақат бренди туфайли ажралиб турарди.

 

Шундай бўлсада, HMD оригинал Nokia смартфонларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилди, бироқ бу ғоя ҳам муваффақиятсизликка учради. Кетма-кет салбий натижаларни қабул қилиб олган HMD рақобатга чидамли, дунё учун янгилик бўла оладиган Nokia смартфонини яратмади. Яратишга ҳам уруниб кўрмади. Чунки HMD Global ҳеч қачон Apple, Samsung каби «гигант»лар билан рақобат қилишга қодир компания эмас эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//