Эндиликда битта терминал ҳам Uzcard, ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатиши мумкин бўлади

Сақлаш
17:23 / 28.12.2021 904 0

Uzcard ва Humo тўлов тизимлари жорий йилдаги ўзаро интегратциялашувнинг биринчи босқичини якунлади.

 

Яқин келажакда кассир томонидан ҳар бир карта учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълумот бермоқда.

 

«Рақамли Ўзбекистон – 2030 стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонини бажариш мақсадида Uzcard ва Humo тўлов тизимлари жорий йилдаги ўзаро интеграциялашувнинг биринчи босқичини якунлади. Шу тариқа ҳар иккала тизим терминалларида тўловларни қабул қилиш амалиёти намойиш этилди. Яқин келажакда кассир томонидан ҳар бир карта учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди — савдо ва хизмат нуқталари иккала тўлов тизимига хизмат кўрсатадиган битта аппаратга эга бўлади», – дейилади хабарда.

 

Қайд этилишича, 2021 йил 27 декабр куни Uzcard ва Humo тўлов тизимлари иккала тизим терминалларида тўловларни қабул қилишни намойиш этган. Илгари терминалларда чекловлар мавжуд бўлган бўлса, эндиликда битта терминалда ҳам Uzcard, ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.

 

 

Интеграция меморандуми доирасида Uzcard ва Humo қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни давом эттиради:

 

карта эгалари, банклар, тўлов ташкилотлари ва чакана савдо шохобчаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш;

технологияларни такомиллаштириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш инфратузилмасини кенгайтириш;

тўлов инфратузилмасининг ишончлилиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//