Ўзбекистонда «яшил оила» мақоми жорий этилади ва ҳар йили лотерея орқали уларга 14 та электромобиль берилади

Сақлаш
12:10 / 09.01.2025 19 0

 

Ўзбекистонда «Экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2025 йил учун давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

 

Лойиҳага кўра, 2025 йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш борасида аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш мақсад қилинган.

 

Бунда унинг асосий тамойиллари этиб қуйидагилар белгиланади:

 

аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш;

 

«яшил транспортда», шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш;

 

пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;

 

озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш;

 

сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги 2025 йил 1 июнга қадар «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи платформани ишга туширади:

 

бир сутка давомида камида 10 минг қадам юришни тарғиб қилиш;

 

юқори кўрсаткичларга эришганларга «Экофаол фуқаро» мақомини бериш ҳамда улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этиш;

 

оиланинг барча вояга етган аъзолари «Экофаол фуқаро» мақомини олганда, ушбу оилага «яшил оила» мақомини бериш ҳамда уларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль бериш;

 

аҳолисининг ярми «яшил оила» мақомини олган маҳаллаларда «Энг тоза маҳалла» ва «Энг яшил маҳалла» танловларини ўтказиш ва ғолиб бўлган маҳаллалар жамғармасига болалар майдончасини қуриш, яшил боғ яратиш ҳамда чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш ва чиқинди контейнерларини ўрнатишга 500 миллион сўм ажратиш.

 

Мазкур банднинг сўзсиз, сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлашга масъуллар этиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгиланади.
 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//