Бутун дунёда тарқалаётган вирус Ўзбекистонда ҳам аниқланди

Сақлаш
09:45 / 06.01.2025 20 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни вақтда бутун дунёда тарқалиб, ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлаётган метапневмовирус янги касаллик эмаслигини маълум қилди. Таъкидланишича, ортиқча хавотирга ҳожат йўқ.

 

ССВ мутахассисининг сўзларига кўра, метапневмовирус аввалдан маълум инфекция бўлиб, биринчи марта 2001 йилда аниқланган.

 

«Касаллик асосан ҳаво-томчи йўли орқали ёки баъзи ҳолатларда ифлосланган юзалар билан алоқа натижасида юқади ҳамда тарқалади», дейди у.

 

Мазкур вирус билан хасталаниш ҳолатлари дунёнинг барча минтақаларида ҳар йили қайд этилади. Масалан, қўшни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати тарқатган хабарларда ҳам айни пайтда ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва грипп билан касалланишнинг мавсумий ўсиши кузатилаётгани, шу жумладан, 10 йиллардан буён мамлакатда метапневмовирус ҳам қайд этилаётгани таъкидланган.

 

Вазирлик хабарида ёзилишича, метапневмовируснинг куз-қиш даврида янада фаоллашуви кузатилади. Бу инфекция одатда бурун оқиши, йўтал ва иситма белгилари билан, худди ўткир респиратор вирусли инфекциялар шаклида пайдо бўлади, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмонияни келтириб чиқаради.

 

Касалликни даволаш одатда симптоматик бўлиб, асосан уй шароитида беморнинг аҳволини енгиллаштиришга қаратилган муолажалар қўлланилади. Оғир ҳолатларда кислородли терапия ёки касалхонага ётқизиш талаб қилиниши мумкин.

 

Бу вирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетади.

 

Маълум бўлишича, айни вақтда Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга оширилаётган бўлиб, текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синситиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган.

 

Вазирлик аҳолини ўткир респиратор касалликларнинг бундай кўтарилиши даврида аҳолини профилактика чораларига риоя қилишга ва одамлар гавжум жойларда, айниқса, касаллик белгилари яққол намоён бўлиб турган фуқаролар билан мулоқотни чеклашга чақирмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//