Энди йўл ҳақини нақд пул кўринишида берганларга чора кўрилади

Сақлаш
13:34 / 05.01.2025 21 0

Жорий йилнинг 1 январидан Тошкент шаҳридаги барча автобусларда йўлкира тўловларини нақд шаклда тўлаш тўхтатилганидан хабарингиз бор. Табиийки, эндиликда транспорт ёки банк картаси бўлмаган йўловчиларнинг бир марталик чипталарга эҳтиёжи ортади.

 

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси масъулининг маълум қилишича, бугунги кунда пойтахтда 2644 та автобекат бўлса, улар атрофига 5500 та ҚР-чипталар олиш учун шохобчалар ўрнатилган.

 

Шу ҳисобда, агар йўловчи нақд пул орқали тўлов қилмоқчи бўлса, ҚР-чиптани харид қилиш учун тўлов инфокиоскларидан фойдаланиши мумкин. Ҳайдовчига нақд пул бериш мумкин эмас.

 

Таъкидланишича, йўл ҳақини нақд пул кўринишида берган йўловчи жаримага тортилади.

 

«Агар йўловчи йўл ҳақини нақд кўринишда қабул қиладиган бўлса, ҳайдовчи қабул қилмаслиги керак. Вазият Транспорт инспекциясининг ҳудудий инспекторлари томонидан назорат қилинади. Биринчи сафар огоҳлантириш берилади. Огоҳлантиришга қарамасдан ҳуқуқбузарлик такрорланадиган бўлса, ўрнатилган тартибда ҳайдовчига ҳам, йўловчига ҳам маъмурий баённома расмийлаштиришга тўғри келади», дейди Транспорт назорати инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими инспектори Салимжон Нишонбоев.

 

Бунда ҳуқуқбузарларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси ҳамда 145-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Яъни, йўловчига нисбатан маъмурий баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига асосан тузилади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бири миқдорида жарима белгиланади.

 

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти томонидан барча автобусларга назорат камералари ўрнатилган.

 

Маълумот учун, ҳозирги кунда базавий ҳисоблаш миқдори 375 минг бўлиб, унинг ўндан бири 37 минг 500 сўмни ташкил қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//