Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган «маҳалла лойиҳаси» дастурига 1 млрд доллар ажратилади

Сақлаш
14:47 / 03.01.2025 22 0

 

Туман банклари филиалларида маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга «маҳалла банкирлари» тайинланади.

 

3 январь куни Президент Шавкат Мирзиёевга банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.

 

Бу ҳақда 16 декабрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида топшириқ берилган эди. Шундан келиб чиқиб, 2025 йилда жами 5 миллион 200 минг нафар, жумладан, банклар томонидан 3 миллиондан зиёд аҳолини банд қилиш режалаштирилгани хабар қилинди.

 

Ахборотда 208 та туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда банклар раҳбарлари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзолангани, бунда томонларнинг аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилгани қайд этилди.

 

Ҳар бир маҳалла бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган «маҳалла лойиҳаси» дастури доирасида ажратиладиган 1 миллиард доллар кредит ресурслари банклар ва ҳудудлар кесимида тақсимланди. Лойиҳа ишлаб чиқиш, кредит ажратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича туман банки раҳбарига ойма-ой самарадорлик кўрсаткичи қўйилди.

 

Маълум қилинишича, энди Марказий банк раиси ва унинг ўринбосарлари ҳудудларга чиқиб, жойлардаги банк филиалларининг маҳаллалардаги ишини янгича ёндашув асосида ташкил қилади. 2025 йил 1 февралга қадар туман банклари филиалларида маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга «маҳалла банкирлари» тайинланади. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада улар билан бирга ишлайдиган «ёрдамчи-агентлар» танлаб олинади.

 

Ҳудудий банклар ҳамда туман ҳокимлари аҳолини тайёр бизнес лойиҳалари билан таништириб боради, уларни амалга ошириш кўникмалари ўргатилади.

 

«онлине-маҳалла.уз», «банк-кредит.уз» ва «солиқ.уз» ахборот тизимлари интеграция қилиниб, масъулларга юклатилган вазифалар ижроси кунлик таҳлил қилиб борилади. Фаолияти қониқарсиз бўлган раҳбарларга чора кўрилади.

 

2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда ҳал қилувчи йил бўлиши, бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар ва иқтисодий-молиявий тузилмаларнинг мувофиқлашган ишини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//