Ҳожатхона қоғозлари билан трюк қилган блогер жаримага тортилди

Сақлаш
09:34 / 03.01.2025 33 0

 

Блогер бу ишни «контент учун» қилгани, ҳолат такрорланмаслигини айтиб, узр сўраган.

 

Instagramда «Жасжан» номи билан танилган блогер Жасур Шодиев ҳожатхона қоғозлари билан экологияга зарар етказгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

 

Блогер ҳожатхона қоғозларини йиғиб, устига чиққани, остидан эса машина ўтиб кетаётда сакрагани акс этган видеони тармоқдаги саҳифаларига жойлаган. Ҳаёт учун хавфли ҳолат акс этган ушбу видеодан сўнг блогер ҳар тарафга сочилган ҳожатхона қоғозларини йиғмасдан кетган. Видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин эътирозларига сабаб бўлган.

 

Мазкур ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилган. Натижада Шодиев атроф-муҳитни ифлослантириб, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни қасддан, жамоавий содир этгани аниқланган.

 

Блогерга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.

 

Вазирлик таъкидлашича, Шодиев томонидан аввал ҳам шундай ҳуқуқбузарлик содир этилган. Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда ва қатъий чоралар кўрилади. Блогернинг ҳамроҳлари шахсига ҳам аниқлик киритилмоқда ва уларга ҳам қонуний чора кўрилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//