
Жамият
Бугун, 27 декабрь куни Садир Жапаров Жалолобод вилоятига қилган амалий ташрифи чоғида «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темирйўли қурилишига старт берди.
Жапаров маросимда мазкур темирйўл нафақат транспорт йўлаги, балки Шарқ ва Ғарб давлатларини боғловчи муҳим стратегик кўприк эканини таъкидлаган.
«Ушбу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан, Туркияга ва ундан кейин Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлайди. Лойиҳа минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлайди, транспорт йўналишларини диверсификация қилишга ва минтақанинг халқаро транспорт-транзит ҳаб сифатидаги рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради, бу эса Марказий Осиё мамлакатлари мақсадларига мос келади», деган Қирғизистон етакчиси.
Шундан сўнг Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раиси Чжен Шансзе ХХР раиси Си Сзинпиннинг мурожаатини ўқиб эшиттирган.
Унинг айтишича, ушбу лойиҳа Осиё ва Европани боғлайдиган янги қуруқлик йўлагини қуриш имконини беради ва уч мамлакат ўртасида одамларнинг ҳаракатланиши ва товар айирбошлаш даражасини сезиларли оширади. Лойиҳа саноатни самарали ривожлантириш, ресурсларни ўзлаштириш, шунингдек, савдо ва инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.
Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳам Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатини ўқиб эшиттирган. Мурожаатда «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темирйўли қурилишига асос солиниши дўст мамлакатлар қарийб 30 йил илгари босиб ўтган тарихий воқеа экани урғуланган.
Маълумот учун, Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган ушбу темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб 25 йилдан бери муҳокама қилиниб келади. Муҳокамаларда Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, сўнгра Туркманистон, Эрон ва Туркияга йўналишнинг бир нечта вариантлари кўриб чиқилган.
Томонлар темирйўлнинг кенглиги, шунингдек, бориш қийин бўлган баланд тоғли ҳудудлардан ўтадиган магистралнинг қурилиш қиймати ва унинг йўналиши ҳақида келишиб ололмайди. Хабарга кўра, ушбу йўналишнинг қуриб битказилиши Россия ва Қозоғистонга бўлган қарамликни камайтиради.
Ҳужжатга кўра, халқаро транспорт йўлаги қурилиши «Қашқар–Торугарт–Макмал–Жалолобод–Андижон» йўналишининг комбинацияланган варианти бўйича амалга оширилади.
«Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темирйўлининг узунлиги 486 км.ни ташкил этади. Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Фото: Газета.uz
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ