Пойтахтнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланди

Сақлаш
15:12 / 26.12.2024 18 0

 

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасини тасдиқлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинди.

 

Қарорда қайд этилишича, Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш ҳамда қурилишни режалаштириш сифати ва даражасини ошириш, шаҳарнинг меъморий-режалаштирилган қиёфасини ҳамда инфратузилмасини янада яхшилаш мақсад қилинган.

 

Бош режанинг асосий кўрсаткичларини белгиловчи хариталар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимида очиқ маълумот сифатида жойлаштирилади.

 

Ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тасдиқланган бош режа асосида белгиланган тартибда ушбу ҳудуднинг мастер режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаси ёки қурилиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқлаган ҳолда амалга оширилади.

 

Бош режанинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботи ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисида эшитиб борилади.

 

Бош режани ишлаб чиқишдан асосий мақсад:

 

қурилишга рухсат бериш жараёнларини тартибга солиш;

 

шаҳарнинг муҳандислик ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини, аҳоли зичлиги параметрларини, шунингдек, умумий стратегиясини режелаштириш;

 

шаҳарнинг яшил ва санитар ҳимояланадиган ҳудудлари ҳамда маданий меросини муҳофаза қилиш;

 

иқтисодий-ижтимоий ривожланиш йўлларини белгилаш;

 

аҳолининг бугунги ва истиқболдаги талабларини қаноатлантириш.

 

Бош режада қуйидаги муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилган:

 

Тошкент шаҳрининг ҳудудларини зоналарга ажратиш

 

аҳолининг ҳаракатланишига бўлган талабни қондириш ҳамда транспорт оқими барқарорлигини таъминлаш

 

шаҳарнинг ҳудудлари зичлик параметрларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида шаҳарсозлик талабларини белгилаш.

 

Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги қарорига мувофиқ шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган кўринишда ишлаб чиқишга рухсат этилган.

 

Соддалаштирилган кўринишдаги бош режа Тошкент шаҳрининг ҳудудларини қуйидаги зоналарга ажратиб беради:

 

консервация зоналари

 

реконструкция зоналари

 

реновация зоналари.

 

Консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолади. Бу зонада қўшимча турар ва нотурар бино ҳамда иншоотлар қуриш тақиқланади. Реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлади. Реновация зонасида эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилишлар ва таъмирлаш амалга оширилади.

 

Ҳужжатда белгиланишича, пойтахт ҳокимлиги 3 ой муддатда Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўъжжалланган бош режасини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.

 

Қурилиш уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бош режага риоя этилиши юзасидан давлат архитектура назоратини амалга оширади.

 

Тошкент бош режаси ҳақида

 

Шавкат Мирзиёев 2024 йил 9 октябрь куни Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишганди. Давлат раҳбари пойтахтни камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини таъкидлаганди.

 

Бугунги кунда шаҳар ҳудуди 43 минг 822 гектарни ташкил қилади, аҳоли сони 3 миллиондан зиёд. Келгусида бу миқёс янада ошиб бориши тайин. Шу боис Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси лойиҳалаштирилди. Давлат раҳбари бу борадаги илк ишланмалар билан 2022 йилда танишган эди. Унда берилган кўрсатма ва тавсиялар асосида лойиҳа такомиллаштирилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//