Аукционга қўйилган «Аския» бозорини Хитой компанияси ютиб олди

Сақлаш
14:56 / 25.12.2024 6 0

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги «Аския» бозори ҳудуди, бино ва иншоотлари учун ўтказилган аукцион якунига етди.

 

Хабарга кўра, иккита қатнашчи иштирокида ўтган кимошди савдоси 15 дақиқа давом этган ва Sheng Ke-International компаниясидан 225,59 миллиард сўм ёки бошланғич нархдан 5 фоизга юқори бўлган ягона ставкадан сўнг аукцион якунланган.

 

Маълумот учун, «Аския» бозори мажмуаси 20 декабрь куни «E-auksion» платформасида кимошди савдосига қўйилган эди.

 

Таъкидланишича, жорий йилнинг 23 май куни рўйхатдан ўтган мазкур Хитой компанияси ихтисослаштирилган қурилиш ишлари билан шуғулланиб келади. Унинг устав фонди 68 млрд сўмни ташкил этади. Ягона таъсисчиси сифатида Қозоғистондаги худди шу номдаги МЧЖ, раҳбари эса Чен Майсюан (Чен Маиқуан) кўрсатилган.

 

«Янги Тошкент» лойиҳаси дирекцияси олдинроқ янги шаҳар қурилиши билан боғлиқ лойиҳаларни муҳокама қилиш учун Sheng Ke-International раҳбарияти билан учрашган эди. Учрашувда компания вакиллари шаҳар инфратузилмаси, иқлим ўзгаришига мослашиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва барқарор ривожланиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашган.

 

Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг айтишича, бозор замонавий талабларга жавоб бермайди, савдо расталарининг очиқ ҳавода жойлашуви ноқулай об-ҳаво шароитида ташриф буюрувчиларга ноқулайлик туғдиради, автотураргоҳ, бозорга кириш-чиқиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

 

Аллабергенова, шунингдек, эскирган бозорни қайта қуриш бўйича музокаралар олиб борилаётганини ва бир нечта инвесторлар ўз таклифларини тақдим этганини қўшимча қилган. Лойиҳа доирасида 150 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.

 

Лойиҳа доирасида тўрт юлдузли меҳмонхона ва йирик савдо маркази қуриш, скамейкалар, эскалаторлар, велотураргоҳлар, ҳожатхоналар ва Wi-Fi зонасига эга яшил ҳудуд яратиш режа қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//