Маданият
“Гульельмо Маркони симсиз телеграфни кашф этганда 21 ёшда, Исаак Ньютон бутун олам тортишиши қонунини очганда бор-йўғи 25 ёшда бўлган. Шу ёшида бекор пашша қўриб юрганлар қанча! Ҳар бир одам ўзининг нимага қодирлигини билиши, шунга мос равишда хатти-ҳаракатлар тизимини белгилаб олиши керак. Фақат бошқалардан айб қидириш моҳиятни ўзгартирмайди. Бинобарин, жамиятнинг умумий қоидаларига кўра яшаш шарт.” “Фозиллар мум тишласа...” суҳбатида бугунги илм дунёси муаммолари, олимларнинг бурчи ва масъулияти, маърифатни хиралаштиришга хизмат қилувчи “зарпечаклар” ҳақида сўз боради. Адабиётшунос олим Боқижон Тўхлиев билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ матнини “Тафаккур” журналининг 2024 йил 4-сонида ўқинг.
“Ўзбекистон бутун ислом олами учун муҳаддислар, олиму уламолар етиштириб берган мўътабар диёр сифатида шуҳрат қозонган. Ислом дини гарчи Арабистонда тарқалган бўлса-да, ўзбек заминидан қувват олганини дунё мусулмонлари якдил эътироф этадилар.” Жорий йил октябрь ойида юртимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини”, “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуларида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан етмишга яқин уламо, муфтий, исломшунос олим ва меҳмонлар қатнашди. Юқорида келтирилган парча “Бирлик, бирдамлик матлаби” – анжуманда сўзланган нутқлардан иқтибослар жамланмасидан олинган. Унинг тўлиқ матни билан журнал саҳифаларида танишасиз.
“Ўзликни англашнинг уч шакли бор: аввало, ҳар бир инсон ўзини ўзи англаши лозим; сониян, муайян миллат вакили сифатида миллий ўзликни идрок этмоқ керак; учинчидан эса башар фарзанди ўлароқ дунёни англамоқ талаб этилади. Бу уч жиҳат ўзаро муштаракдир, ҳалқалардан ҳатто биттаси бўлмаса ҳам қолганлари боғланмайди. Яъни, этник гуруҳ, элат ҳам тўлақонли миллат даражасига кўтарилмайди.” Журналнинг “Жамиятнинг мақсади” рукнида Саъдулла Отамуродовнинг “Қачон милат бўламиз?” мақоласини ўқийсиз. Унда миллатни миллат қиладиган ҳалқалар ҳақида сўз боради.
Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Фуқаролик жамияти: тафсил ва таҳлил”, “Неоимпериализм: мустақилликка янги таҳдидлар”, “Минг бир нақл”дан бир шингил” мақолалари, “Яшасин сўз эркинлиги!” ҳикояси ҳамда “Оскар Уайлд иқрорлари”, “Ҳузунвор хуррамлик” мутолааси ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Илдизларга керак тоза ҳаволар”, “Элни вабодан қутқарган зот”, “Хоннинг Фузулийга тахмиси”, “Китобга ошиқ жаҳонгир” мақолалари эълон қилинган.
“Моҳият жилолари” рукнида Оскар Уайлднинг “Биз мудом ўз “мен”имиз ичида адашиб юрамиз, шу боис ҳаётимизни ўзгартиришимиз даргумон” иқрорини ўқийсиз. Журналнинг ушбу сонига хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз: “Тафаккур”ни ўқинг, ўз “мен”ингизга адашмаслигига, ҳаётини ўзгартиришига имкон беринг!
Жамият
Жамият
Маданият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ