Ижтимоий тармоқлардаги «тузоқ»лардан қандай ҳимояланиш керак? ТОП-5 тавсия

Сақлаш
15:59 / 24.12.2024 13 0

Янги йил арафасида фирибгарлар янада фаоллашиши мумкин. Бунда улар фойдаланувчиларни чув туширишнинг турли йўлларидан фойдаланади. Турли хил овоз бериш тадбирларини ташкил этиш ёки қандайдир ҳавола юбориш кабилар шулар жумласидандир.

 

Хўш, бундай «тузоқ»лардан қандай ҳимояланиш керак? Бунинг учун фойдаланувчилар ТОП-5 маслаҳатга риоя қилиши тавсия этилади.

 

1. Ишончли пароллар

 

Кучсиз пароллар – бу жиноятчилар учун очиқ эшик. Масалан, баъзилар 123456 рақамлари, туғилган кун санаси, уй ҳайвонининг исми кабилардан пароль сифатида ишлатади. Аслида буларнинг барчаси мутлақо номақбул вариантлардир. Турли регистрдаги ҳарфлар, рақамлар ва махсус белгилар комбинациясидан (!@#$%^&*) пароль яратиш эса энг тўғри йўлдир. Пароль қанчалик узун ва мураккаб бўлса, шунчалик яхши. 12-14 та белгидан иборат пароль бу идеал ҳисобланади.

 

Фойдаланувчига турли платформаларда бир хил паролдан фойдаланиш тавсия этилмайди. Чунки хакерлар битта аккаунтга кирса, бошқа аккаунтларни ҳам осонгина бузиб киришлари мумкин. Ажойиб ечим – пароль менежери. У мураккаб паролларни яратади ва сақлайди, сиз эса фақат битта мастер-паролни эслаб қолишингиз кифоя.

 

2. Икки омилли аутентификация (2ФА) — база

 

2ФА — бу худди эшикдаги иккинчи қулфга ўхшайди. Таъкидлаш лозимки, ушбу ҳимоя тури ижтимоий тармоқдаги барча аккаунтларда ўрнатилиши лозим. Ҳатто кимдир сизнинг паролингизни билиб олган тақдирда ҳам, унга қўшимча тасдиқлаш керак бўлади. Масалан, СМС ёки аутентификатор иловадан код юборилади ва шуни киритиш талаб этилади.

 

Бу функцияни исталган жойда ёқиш, табиийки, бир неча дақиқа вақт олади, лекин хавфсизликни сезиларли даражада оширади.

 

3. Махфийлик созламалари

 

Ҳар бир ижтимоий тармоқ мослашувчан махфийлик созламаларини таклиф қилади. Уларни ўрганиш ва созлаш учун албатта вақт ажратинг.

 

Публикацияларингиз, фотосуратларингиз ва шахсий маълумотларингизни кўриши мумкин бўлган шахслар доирасини чекланг. Қайси расмларда сизни белгилашаётганини мунтазам текшириб туринг ва номақбул тегларни олиб ташланг. Шахсий маълумотларга кириш учун бегоналарга рухсат берманг.

 

4. Ҳаволалар ва иловалар билан эҳтиёткорлик

 

Фишинг ҳаволалари ва зарарли иловалар маълумотларни ўғирлашнинг кенг тарқалган усулидир. Шубҳали ҳаволаларга, ҳатто улар дўстларингиздан келган бўлса ҳам, уларга жавоб берманг, чунки уларнинг аккаунтлари бузиб кирилган бўлиши мумкин.

 

Иловаларни ўрнатишда эҳтиёт бўлинг ва уларга маълумотларингизга кириш учун ортиқча ҳуқуқлар берманг. Уланган иловалар рўйхатини мунтазам текширинг ва кераксизларини олиб ташланг.

 

5. Иловаларни ўз вақтида янгилаш

 

Қурилмаларингиз ва ижтимоий тармоқ иловаларининг операцион тизимини мунтазам янгилаб туринг. Ишлаб чиқувчилар доимий равишда заифликларни тузатадиган ва хавфсизликни оширадиган янгиланишларни чиқарадилар. Бу янгиланишларни эътиборсиз қолдирманг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//