Чиқиндидан қарзи бор фуқароларга 5 кун муддат берилади

Сақлаш
12:49 / 24.12.2024 7 0

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 24 декабрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган навбатдаги мажлисида чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида янги тўлов механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқилди.

 

Таъкидланишича, депутатлар томонидан чуқур таҳлил қилинган қонун лойиҳаси инсон манфаати ҳамма нарсадан устун тамойили асосида такомиллаштирилган.

 

Жумладан, энди чиқиндидан қарзи бор истеъмолчига қарздорлик юзасидан қисқа хабар (СМС) юборилгандан сўнг тезда электр тўлови учун тақиқ қўйилмайди, балки унга 5 кунлик муддат берилади. Агар шунда ҳам истеъмолчи қарздорликни бартараф этмаса, ана шу даврдан бошлаб унинг электр учун қилган тўлови қабул қилинмайди.

 

Шунингдек, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган ташкилотларнинг зиммасига ҳам маълум мажбуриятлар юкланди. Яъни бундан буёғига мазкур турдаги ташкилотлар чиқинди учун қилинган тўловларнинг ҳаққоний ва тўғри ҳисобланиши учун жавобгар ҳисобланади. Агар ушбу талаблар бузилса, хизмат кўрсатувчи томон истеъмолчига етказилган зарар қоплаб беради.

 

«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов механизмлари такомиллаштиришга, чиқинди хизматларини кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади», дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.

 

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//