Британияда ўзбек нақш санъати мактаби ташкил этилди

Сақлаш
17:00 / 19.12.2024 17 0

 

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида британиялик таниқли мутахассис ва рассом Самира Миан билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Мулоқот аввалида Самира Миан Ўзбекистонда санъат ва маданият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Шунингдек, у келгусида республикадаги рассомлар ва ижодкор билан яқин ҳамкорликларни йўлга қўйиш истагини билдирди. Ижодкор ўзи асос солган нақш санъати мактаби тўғрисида ҳам сўзлаб берди.

 

Унинг айтишича, Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Хивада жойлашган тарихий обидалардаги нақшларни ўрганиш ва уларни тасвирлаш бўйича дарсларга хорижлик ўқувчиларнинг иштироки юзасидан жуда кўплаб таклифлар келиб тушмоқда. Жумладан, гўзал геометрик нақшларни чизиш барчага манзур бўлмоқда.

 

Суҳбат якунида ижодкор билан мазкур йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштиришга келишиб олинди.

 

Самира Миан математика ва геометрия фанлари ўқитувчиси ҳисобланади. У 2019 йилда илк марта Ўзбекистонга саёҳат қилган. Мазкур саёҳатдан, жумладан Ўзбекистондаги қадимий ва кўҳна манзиллар, олис тарихдан сўзловчи маданий ёдгорликлар ва ҳашаматли обидалардан илҳомланган ижодкор Буюк Британияда ўзининг ўзбек нақш санъати мактабига асос солди.

 

Унинг ўқув дастурлари ва маҳорат дарсларидан Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Хивада жойлашган тарихий обидалардаги нақшларни ўрганиш ва уларни тасвирлаш амалиётлари ўрин олган.

 

Дарслар жараёнида ўқувчиларга нақшларни таҳлил қилиш ва чизишдан тортиб, уларга ранг танлаш ва бўяшгача бўлган жараён ўргатилади. Ўқувлар гибрид шаклда ташкил этилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//