Илм-фан
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Давлат мукофоти лауреати, профессор Муҳаммад Али Халқаро Туркий академиясининг 2021 йил 24 декабрда Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ўтказилган нуфузли ”Шарқнинг порлоқ юлдузлари” халқаро анжуманида иштирок этди.
Анжуман турк халқлари адабиётининг фахру ифтихорлари саналадиган улуғ шоир ва мутафаккирлар – Низомий Ганжавий туғилганининг 880 йиллиги, Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги, Юнус Эмро вафотининг 700 йиллиги, машҳур оқин Жамбил Жабоев таваллудининг 175 йиллигига бағишланди.
Мамлакат Миллий кутубхонаси залида бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон вакиллари, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати аъзолари, таниқли давлат арбоблари, депутатлар, хорижий дипломатия идоралари раҳбарлари, зиёлилар, олим ва ёзувчилар қатнашди.
Кўргазмада Академия томонидан қозоқ тилида нашр этилган Низомий асарлари, “Юнус Эмро шеърлари” (таржимон Светқали Нуржан), Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” (таржимон Тўрали Қидир) ва бошқа китоблар намойиш этилди.
Анжуманни Халқаро Туркий академияси президенти Д. Қидирали олиб борди. Мамлакат Парламенти Сенати раиси М.Ашимбоев, ўзбек шоири ва адиби Муҳаммад Али, озарбойжонлик таржимон Рамиз Аскер, Парламент Мажлиси депутати, адабиётшунос олим Савутбек Абдураҳмонов, таржимон Светқали Нуржан ва бошқалар Шарқнинг мангу сўнмас юлдузлари бўлган улуғ аждодларимиз ҳақида гапириб ўтдилар.
Турк дунёсидаги маданий-адабий алоқаларни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ адиблар Халқаро Туркий академиясининг “Навоий олтин медали” юксак мукофоти билан тақдирландилар. Мукофотланганлар орасида турк дунёсининг буюк сиймоси Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган тўрт китобдан иборат “Улуғ салтанат” роман-эпопеясини яратган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор Муҳаммад Али номининг борлиги адабиётимиз учун қувончли ҳодисадир.
– Ижодкорга мукофот берилиши, эътироф этилиши, тақдирланиши яхши ҳодисадир, бу ўша ижодкорнинг ижодда тўғри йўлдан бораётганини, асарлари ўқувчилар томонидан тан олинаётганини кўрсатади. Эътирофлар ижодкор қаламини мустаҳкам қилади, чархлайди, уни янги ижодий манзилларга ундайди.
Менинг ижодим шундай эътиборга сазовор кўрилгани учун ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Бир нарса: ҳар қандай мукофот ҳам бир аванс сифатида қабул қилиниши жоиз. Бу авансни қоплаш учун эса ҳали кўп меҳнат қилишимиз, тер тўкишимиз, изланишларимизни давом эттиришимиз керак бўлади. Ижод табиати шуни тақозо этади, – дейди ёзувчи Муҳаммад Али.
Маданият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Маданият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ