Маданият
Малайзиядаги Халқаро Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти ҳузуридаги Ислом цивилизацияси кутубхонасидан Абу Райҳон Берунийнинг «Ат-Тафҳим» асарининг тўққиз асрлик қўлёзмаси топилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директор ўринбосари Фирдавс Ҳалимов айтишича, Берунийнинг бу асари форс тилида ёзилган.
«Биз Ўзбекистоннинг Малайзиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Каромидин Гадоев билан Куала-Лумпурдаги Ислом цивилизацияси кутубхонасига бордик. Бу ерда бевосита Ўзбекистон маданий меросига оид қўлёзмалар ҳам борлигига амин бўлдик. Қўлёзмалардан бири бу аллома Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб бўлган »Ат-Тафҳим« асаридир. Форс тилидаги, само жисмларини ўрганиш масалаларига бағишланган бу асар 1197 йилда кўчирилган», дейди у.
Бундан ташқари, Абулқосим Фирдавсий қаламига мансуб «Шоҳнома» асарининг салкам олти асрлик қўлёзмаси ҳам шу кутубхонада сақланаётгани аниқланди. У настаълиқ хатида темурийлар китобат санъатига хос услубда кўчирилган бўлиб, ундан 29 та миниатюра ўрин олган. Ушбу миниатюраларда Камолиддин Беҳзод мактабига хос унсурлар кўзга ташланади.
Мазкур қўлёзмалар қаерда ва ким томонидан кўчирилгани ҳозирча номаълум. Маълум қилинишича, улар ўн йилча илгари Нидерландияда ўтказилган аукцион савдоси орқали сотиб олиниб, Малайзияга келтирилган.
Ҳалимовнинг қўшимча қилишича, кутубхона раҳбарияти мазкур қўлёзмаларнинг нусхаларини Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази фондига топширишни маълум қилган.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ