Қуролли Кучлар академиясига журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди

Сақлаш
09:19 / 27.12.2021 1010 0

23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.

 

Дастлаб журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани уюштирилди. Унда Мудофаа вазирининг матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси полковник Баҳром Зулфиқоров ва вазирлик Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – бошқарма бошлиғи полковник Меҳриддин Қўчқоров бугунги кунда Миллий армияда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

 

 

 

Шундан сўнг ОАВ вакиллари Марказий Осиёда ягона ҳамда мамлакатимиздаги таянч олий ҳарбий таълим муассасаси бўйлаб саёҳат қилишди. Жумладан, ҳарбий хизматчиларнинг сифатли таълим олиши ҳамда хизматни ўташлари учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, ўқув-моддий базалар, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, кутубхона, спорт иншоотлари, ётоқхона, ошхона ҳамда овқатланиш рационлари, маънавий-ҳордиқ олишлари учун барпо этилган масканлар билан яқиндан танишишди.

 

Бундан ташқари журналистлар жанговар техникалар ҳамда ўқотар қуроллар тренажёр комплексларида бўлиб, амалий машғулотларда ўзларини синаб кўришди. Жараёнда мутахассислар ҳам бевосита иштирок этиб, ҳарбий техникаларни бошқариш ҳамда электрон тирда нишонларга ўқ отиш бўйича пресс-тур иштирокчиларига маълумот ва кўникмалар бериб ўтди.

 

 

 

Қуролли Кучлар академияси ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган жаҳон классикаси ва миллий эстрада куй-қўшиқлари ҳамда курсантлар иштирокидаги қўл жанги кўргазмали чиқишлари журналистларга қувонч улашди.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//