Ўзбекистонда жамоатчилик коррупция ҳақида хабар бериш оқибатларидан қўрқади

Сақлаш
10:47 / 12.12.2024 37 0

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жамоатчилик коррупция ҳақида хабар беришга қай даражада тайёр эканини баҳолашга қаратилган тадқиқот ўтказилганини маълум қилди.

 

Маълум бўлишича, жамоатчилик кўпинча коррупцияни порахўрлик ва қариндош-уруғчилик деб тушунади.

 

50 фоиздан ортиқ респондентга кўра, коррупция бу мансабни суиистеъмол қилиш ва қариндош-уруғчилик, 40 фоиздан камроғи учун эса қимматбаҳо совғалар бериш ҳисобланади.

 

Тадқиқот хулосасига ёзилишича, аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорчилик деб билади. Кўпчилик пора олиш (88,4 фоиз) ва пора беришни (68,4 фоиз) қораласада, яхши хизмат учун кичик совғалар алмашишни одатийдек қабул қилади.

 

Респондентларнинг 74 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга, жумладан, 82,2 фоизи электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёр. 12 фоиз респондент эса коррупция ҳақида хабар беришни салбий ҳолат деб билади.

 

Хабар бермасликнинг асосий сабабларидан бири бу хабар берувчининг ўзи коррупциядан манфаатдорлиги (19,8 фоиз) бўлса, яна бошқа сабаби бу ҳақида кимга мурожаат қилишни билмасликдир (20,4 фоиз).

 

Сўровда қатнашганларнинг ярми хабар бериш оқибатларидан қўрқади. 13,8 фоизи эса миннатдорчилик белгиси сифатида ўзи хоҳлаб пул беришини таъкидлаган.

 

Респондентлар «Суюнчи», «тўёна», «раҳмат» кабилар ҳам фақатгина миннатдорлик, ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий тарзда амалга оширилишини таъкидлашган.

 

Маълумот учун, мазкур тадқиқот Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш комиссияси, БМТ Сеул сиёсат маркази ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//