Жамият
Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўзбек олимлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар илмий-ижодий ҳамкорликнинг истиқболлари борасида фикр алмашди.
Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дааданхуу Батбаатар 1992 йили икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён барча соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб келаётганини қайд этди. Айниқса, кейинги йилларда ўзаро алоқалар янада жадаллашгани, мамлакатда ўзбекистонликлар учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилганини таъкидлади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Ҳамидулла Дадабоев туркий тилларга, хусусан, ўзбек тилига ўзлашган мўғулча сўзлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон университетларида талабаларга мўғул тили ва адабиётини, Мўғулистон университетларида эса ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш масаласини кўтарди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Бўронов 2023 йили Улан-Баторда, 2024 йили Урганчда ўтказилган ўзбек-мўғул конференциялари ҳақида гапирди. Илмий йўналишдаги ҳамкорликни янада кучайтириш, икки тилни тарихий-қиёсий ўрганиш бўйича тадқиқотларни жадаллаштириш, ўзбекча-мўғулча сўзлашгич ва луғатлар яратиш таклифини илгари сурди.
«Тил ва адабиёт таълими» журнали бош муҳаррири Фаррух Жабборов ўзбек ва мўғул улуслари қадимдан ягона тарихий-маданий маконда яшаб келгани, икки халқни бугун ҳам яқинлаштириш учун эса бадиий таржимани ривожлантириш зарурлиги, ўзбек журналистлари иштирокида Мўғулистонга пресс-турлар ташкил этиш икки томонлама манфаатли бўлиши ҳақида сўзлади.
Давра суҳбати якунида биринчи навбатда ўзбекча-мўғулча ва мўғулча-ўзбекча сўзлашгич яратишга келишиб олинди. Истиқболли режалар юзасидан аниқ дастур ишлаб чиқилиши ва ишчи тартибда яна учрашув белгиланиши билдирилди.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ