Драматурглар ва ёш режиссёрлар учун мукофотлар жорий этилади

Сақлаш
18:02 / 04.12.2024 12 0

Президент қарори билан драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этилади.

 

Бунда мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолиблари МҲТEКМнинг 50 баробари (тахминан 57 млн 750 минг сўм) миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

 

Қарорга кўра, режиссёр – драматург – композитор – рассом тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа 2025 йилдан бошланади ва ҳар йили август ойида ўтказилади.

 

Миллий академик мусиқа санъатини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида эса ҳар 2 йилда миллий композиторлар танлови ўтказиб борилади.

 

Шу билан бирга, жаҳон драматургияси намуналаридан таржима қилинган асарлар бўйича ҳар йили «Энг яхши таржима саҳна асарлари» танлови жорий этилади.

 

Бундан ташқари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳузурида Театр режиссёрлари академияси ташкил этилади.

 

Қарорда келтирилишича, 2025 йилдан бошлаб ҳар 2 йилда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича «Энг яхши пьесалар» танлови ташкил этилади.

 

Ўзбекистон театр жамоаларининг миллий рейтинги тузиш ҳам айнан шу йилдан бошланади.

 

Шу билан бирга, қарор билан «Театр – ибратхонадир» дастури ҳам амалга оширилади. Бундан мақсад аҳоли, айниқса, ёшларнинг театрларга ташрифларини доимий қилишдир.

 

Ушбу дастур доирасида:

▪️ «Маҳалла еттилиги» аъзолари билан биргаликда ҳар ойда маҳаллаларда «Театр куни» тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилади.

 

▪️ «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат театрларининг спектаклларига бепул киритилади.

 

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига эса «Академик» мақоми берилади.

 

Ўзбекистон давлат ёшлар театри фаолияти ҳам 2026 йил якунигача замонавий намунали театр сифатида ташкил этилади.

 

2025 йил 1 январдан 2026 йил 31 декабргача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Ўзбекистон давлат ёшлар театри ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//