Ўзбекистонда номаълум хавфли вирус қайд этилдими?

Сақлаш
16:38 / 26.11.2024 10 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда хавфли вирус тарқалаётгани ва касаллик кўпроқ болаларга таъсир қилиб, уларда пневмонияни келтириб чиқараётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолатга эътибор қаратиб, расмий муносабат билдирди.

 

Маълумки, бир неча ҳафта олдин юртимизда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши натижасида кўпчилик хоналардаги иссиқликни мўътадил сақлаб туриш учун эшик-деразалар, тирқишлар зичлаб ёпилди. Оқибатда хонадонлар ва ёпиқ бино-иншоотларда ҳаво алмашинуви камайди ва атмосферада вируслар концентрацияси ошиши кузатилди. Бироқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган респиратор касалликлар мавсумий характерга эга. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабековнинг сўзларига кўра, куз-қиш даврида эса уларнинг кўтарилиши кузатилади ва бундан зинҳор хавотирга тушиш керак эмас.

 

ʼ«Янги вируслар пайдо бўлди» деган хабарларга келсак, мана, ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас», дейди мутахассис.

 

Унинг қўшимча қилишича, ҳозир кузатилаётган ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиш жараёнини табиий ҳолат деб қабул қилиш зарур.

 

Хабарда эслатилишича, Ўзбекистон ҳудудида қайси вируслар айланиб юрганини кузатиб борувчи мониторинг тизими йўлга қўйилган бўлиб, тегишли лабораторияларда беморлардан олинган вирус намуналари доимий равишда текширилиб, таҳлил қилиб борилади.

 

«Шунга асосланиб айтишим мумкинки, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида тиббиёт учун нотаниш ва номаълум бўлган вируслар айланиб юриши қайд этилгани йўқ. Балки аниқланаётган касалликларнинг аксарияти мавсумий респиратор хасталиклардир», дейди Атабеков.

 

Маълумот учун, ўткир респиратор касалликлар бир неча клиник белгилар билан намоён бўлади. Дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши кузатилади.

 

Навбатдаги босқичда томоқда ачишиш, қуриш, оғриқ, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин. Касалликдан тузалиш босқичида эса балғам кўчиши, хасталикнинг юмшаши, йўтал чоғида оғриқлар пасайиши сингари ҳолатлар қайд этилади.

 

Бунинг олдини олиш ва эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш учун беморлар жамоат жойларига чиқишдан, имкон қадар одамлар билан мулоқотдан қилишдан сақланишлари сўралади.

 

Беморлар ва уларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахслар эса тиббий ниқобда бўлишлари тавсия этилади.

 

Мутахассис хасталик белгилари кузатилган шахсларга шифокорга мурожаат қилиб, даво муолажаларини бошлашни маслаҳат берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//