Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда БМТ ҳамкорлигида Самарқанд декларацияси қабул қилинди

Сақлаш
15:32 / 21.11.2024 6 0

 

2024 йил 2-5-октабр кунлари Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТънинг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида «Аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни» мавзусидаги И халқаро конференция бўлиб ўтди.

 

Унда аҳоли турмуш даражасини ошириш, дунёқарашини ўзгартириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, «Камбағалликдан фаровонлик сари» ғояси асосида аҳоли вакилларининг турмуш тарзига янгича маъно-мазмун олиб кириш бўйича миллий, хорижий ва халқаро тажриба юзасидан фикрлар алмашилди.

 

Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалла институтининг жамиятдаги мавқейини ошириш, унинг мақомини мустаҳкамлаш ва ваколатларини кенгайтиришга доир изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, маҳалланинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда бирламчи ва муҳим бўғин сифатида ишлаши таъминлангани қайд этилди.

 

Халқаро қатнашувчилар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар, шу жумладан, маҳалла институтининг ролини тубдан ошириш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминловчи, маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги ижтимоий кўприк вазифасини амалга оширувчи мустақил ва хақчил тузилмага айлангани юксак баҳолади.

 

Шунингдек, маҳалла ноёб фуқаролик жамияти институти сифатида ижтимоий бошқарув ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга инновасион ёндашувнинг бетакрор намунаси эканлиги, у нафақат замонавий муаммоларга самарали ечим топиши, балки ўзбек халқининг бой маданий-тарихий ва миллий меросини ўзида жамлаган миллий демократик тузилмалиги эътироф этилди.

 

Сўнгги етти йил давомида маҳалла тизимини такомиллаштириш мақсадида 100 га яқин норматив ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Барча соҳаларда «маҳаллабай» ишлаш усули кенг жорий этилди. «Маҳалла бешлиги» – маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма ўзини самарали бошқарув воситаси сифатида намоён этиб, унинг янада ривожланиши ва кенгайишига олиб келди. Шу боис унинг таркибига солиқ идоралари ходимлари ва ижтимоий ходимларни киритиб, «маҳалла еттилиги» тизимига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Маҳалла институтининг ижтимоий-маънавий ҳаётдаги улкан аҳамиятини англаб, 22 март куни расман «Маҳалла тизими ходимлари куни» деб эълон қилинди. Буларнинг барчаси маҳалла институти Ўзбекистонда юқори самарадорлик кўрсатаётгани далили бўлди.

 

Тадбир якунида халқаро конференция иштирокчилари ўз тавсия ва таклифларини билдирди.

 

Жумладан, жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистондаги ноёб бўлган ўзини ўзи бошқарув тизими «Маҳалла» билан яқиндан таништириш борасида халқаро даражада тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш таклиф қилинди.

 

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда маҳалланинг ролини кескин ошириш, жадал ўзгариб бораётган таҳликали дунёда УНИCЭФ ташкилоти маҳаллани ушбу мамлакатдаги болалар учун яхши бўлган барча нарсаларнинг лангари ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш учун кучли платформа сифатида кўриши таъкидланди.

 

Қолаверса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатувчи компанияларни ташкил этиш лозимлиги, бу жараёнда «Хитойнинг яхши уй хўжалиги» компанияси тажрибаси ва моделини тақдим этиш ва маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатиш, бандлик самарадорлигини ошириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун Тошкент шаҳрида стандартлаштирилган хизмат кўрсатиш корхонасини қуриш кераклиги айтилди.

 

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида «Маҳалла академияси» ташкил этилиб, хитойлик маҳаллий ассоциациялар раҳбарлари ва бизнес менежерларининг назарий ва амалий ўқитиш тизимини яратиш лозим. Унда уйни тозалаш, қарияларга қараш ва бошқа технологиялар ҳамда жиҳозлардан фойдаланиш қоидалари ўргатилади.

 

Маҳалла фаолияти, тадбирлари ва хабардорликни таъминлаш учун махсус мобил платформалар ёки илова яратиш жоизлиги, маҳалла аҳолиси орасида ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун замонавий платформа ёки веб-сайт яратиш, бу лойиҳаларни молиялаштириш учун жамоатчиликни жалб этиш кераклиги алоҳида қайд этилди.

 

Самарқанд конференцияси иштирокчилари мазкур таклиф ва тавсияларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига ва тегишли халқаро ташкилотларга етказишини маълум қилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//