Энди субсидия ажратилишида яқин қариндошларининг даромадлари ҳам ҳисобга олинади

Сақлаш
16:58 / 14.11.2024 63 0

Ҳукумат қарори билан ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тартибига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Шунингдек, субсидия ажратиш тартиби ҳам такомиллаштирилди.

 

Жумладан, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлаб бериладиган фуқароларни танлаб олиш ва баҳолаш жараёнлари автоматлаштирилди.

 

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiya.idm.uz дастурий таъминот тизими Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг мавжуд электрон маълумотлар базалари билан интеграция қилинди.

 

Шунга кўра, эндиликда subsidiya.idm.uz интеграциялашган тизими орқали ариза берувчининг маълумотлари автоматлашган тарзда текширилади ва баҳоланади.

 

Хусусан:

Адлия вазирлиги – оила таркиби ва ариза берувчининг ёлғиз она, бева ва ажрашган аёллар тоифасига мансублиги ҳамда ариза берувчининг турмуш ўртоғи тўғрисидаги маълумотларнинг тўғри киритилгани;

 

Кадастр агентлиги — ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғининг номида турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги — ариза берувчини «Лабор – мигратион» дастурида рўйхатдан ўтгани. Бунда фуқаронинг ҳақиқатда хорижда иш фаолиятини амалга оширувчи мигрант эканлиги текширилади.

 

Солиқ қўмитаси — ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг ўртача ойлик даромадлари;

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги — ариза берувчи ва унинг оиласидаги шахс «Тиббий-ижтимоий экспертиза» тизимидан рўйхатдан ўтгани. Бунда, ариза берувчи ва унинг оиласида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс, сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган шахс эканлиги текширилади.

 

Мазкур масъул ташкилотларнинг маълумотлар базаларидан ариза берувчининг маълумотлари 3 иш куни давомида назорат қилинади.

 

Бундан ташқари, энди субсидияга ариза берилганда агар ариза берувчининг ва унинг турмуш ўртоғининг ўртача ойлик даромадлари миқдори белгиланган меъёрлардан кам бўлса, даромадлар ҳисоб-китобига уларнинг яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкинлиги белгиланди.

 

Хабарда таъкидланишича, ариза берувчи, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи ва яқин қариндошларининг жами ўртача ойлик даромадлари бўйича балл берилмаган тақдирда ариза бошқа мезонлар асосида кўриб чиқилмаслиги ва автомат равишда субсидия ажратишни рад этиш учун комиссия котибига юборилиши белгиланмоқда.

 

Бунда, сўнгги уч ойнинг камида бир ойида даромадга эга бўлиш талаб этилади.

 

Ариза берувчига субсидия ажратиш рад этиладиган ҳолатларга аниқлик киритилмоқда:

 

▪️ тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда ариза кўриб чиқиш жараёнига ўтказилмаслиги ва автомат равишда рад этилиши;

 

▪️ жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда тизим томонидан барча аризаларни кўриб чиқиш автомат равишда тўхтатилиши ва рад этилиши;

 

▪️ илгари ипотека кредитлари бўйича субсидиядан фойдаланган фуқаролар ва уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан такрорий мурожаат этилганда ариза рад этилиши;

 

▪️ аризани кўриб чиқишда ариза берувчининг турмуш ўртоғи томонидан аввал топширилган ва кўриб чиқиш жараёнида бўлган ариза аниқланганда ушбу ариза рад этилиши белгиланди.

 

Ҳужжат билан субсидия ажратиладиган фуқароларни баҳолашнинг ижтимоий мезонларига ўзгартиришлар киритилди. Бунда мезонлар асосида бериладиган баллар тизими соддалаштирилди.

 

Шунга кўра, эндиликда ариза берувчи ва/ёки унинг оиласининг даромадидан келиб чиқиб 10 ёки 5 балл берилиши мумкин.

 

«Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимидан рўйхатдан ўтган шахсларга ҳам қўшимча 5 балл берилиши белгиланмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//