Маданият
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Самарқанддаги Шердор мадрасасида консервация ва реставрация ишларини амалга оширишга қаратилган лойиҳа қўллаб-қувватланишини маълум қилди.
Бу ишда Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳамда АҚШ Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлик қилади.
Маданий мерос агентлиги томонидан тақдим этилган лойиҳа бутун дунё бўйлаб ўтказилган саралаш босқичида танлаб олинган бўлиб, унга бу йил учун энг катта грант суммаси – 500 минг доллар ажратилади.
Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (ИИCАС) эса мазкур ташаббусни техник томондан қўллаб-қувватлайди.
Маълумот ўрнида, ушбу грант АҚШ Маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси (АФCП) томонидан Ўзбекистонда қўллаб-қувватланаётган 14-лойиҳа бўлиб, ҳозиргача жамғарма ёрдамида умумий қиймати 1 млн 350 минг доллар бўлган хилма-хил лойиҳалар амалга оширилган.
Бу галги янги лойиҳа 2023 йилда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасида маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича имзоланган икки томонлама келишувда кўзда тутилган мақсадларга ҳамоҳанг ҳисобланади.
«Биз Регистон майдонидаги гўзал ва рамзий Шердор мадрасасининг консервация ишларида иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар бу муҳим ёдгорликни келгуси авлодлар ва бутун инсоният учун сақлаб қолишда ёрдам беради. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, бу муҳим ёдгорликни асраб қолиш ва Ўзбекистоннинг маданий меросини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшади», — дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник.
Маданий мерос агентлиги ИИCАС кўмагида Шердор мадрасаси фасади консервация ва реставрациясини маҳаллий ҳунармандлар ва мутахассисларни жалб қилиш орқали амалга оширади.
Лойиҳа сифати ва самарадорлигини ошириш учун эса хорижлик мутахассислар ҳам таклиф этилади.
«Шердор мадрасасининг консервация-реставрация лойиҳаси АҚШ Маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси билан биргаликда амалга оширилиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида маданий мерос соҳасидаги ҳамкорликнинг жадал ривожланаётганига яққол дадилдир. Мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаганлиги учун АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Келгусидаги ҳамкорлигимиз янада кучайишига ҳамда бу каби лойиҳаларнинг салмоғи янада ошишига ишонамиз.» – дейди Агентлик директори Баҳодир Абдикаримов.
АҚШ Маданий меросни асраб-авайлаш жамғармаси (АФCП) Конгресс томонидан 2001 йилда ташкил этилган. Жамғарма дунёнинг ривожланаётган мамлакатларида маданий ёдгорликларни, маданий объектлар ва тўпламларни ҳамда анъанавий маданий меросни сақлашга доир лойиҳаларга бевосита грантлар ажратади.
Жорий йилда ҳам глобал грантлар танловига 71 мамлакатдан 149 та маданий меросни сақлаш лойиҳаси тақдим этилган.
Ҳозирда Регистон майдонида жойлашган Шердор мадрасаси Самарқанд вилояти ҳокими Ялангтўш Баҳодирнинг маблағи ва ташаббуси билан 1619-1636 йилларда Мирзо Улуғбекнинг демонтаж қилинган хонақоҳи ўрнида қурилган.
Қурилишга Самарқанд меъмори Абдулжаббор жалб қилинган. Безак бериш ишларини эса уста Муҳаммад Аббос бажарган.
Бинони аввалига ҳомийлик қилган ҳоким шарафига номлаш режалаштирилган эди. Бироқ, кейинчалик одамлар уни «Шердор» яъни «Шерлар макони» дея атай бошлаган.
Илм-фан
Жаҳон
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ