«Биз олган марралар учун билимли авлод керак», – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
14:25 / 01.11.2024 52 0

Президент Навоий шаҳридаги 22-сон умумтаълим мактабида бўлди.

 

Мамлакатда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам таълим соҳаси энг биринчи вазифа сифатида белгиланган.

 

1 800 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олаётган Навоий шаҳридаги 22-сон умумтаълим мактаби ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Барча синфхоналар, лаборатория, компьютер ва хорижий тил хоналари, спорт зали, футбол майдони, ошхонада замонавий шароитлар яратилган. Кутубхона 3 мингдан ортиқ китоблар билан таъминланиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона тизимига ҳам уланган.

 

 

Мактабда Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда «Ватан таянчи» ҳарбий ватанпарварлик гуруҳи ташкил этилган. Унда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардалар жасорати ҳақида мулоқотлар ўтказилади. Шунингдек, ватанпарварлик тадбирлари, спорт мусобақалари тез-тез ташкил қилинади.

 

«Илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш яхши. Қалбингизда ватанпарварлик кучли бўлса, шижоатингиз янада баланд бўлади», деган президент ўқувчилар билан учрашувда.

 

Мактабда «Иқтидор» клуби ҳам ташкил этилган. Унда ижодкор ўқувчилар мусиқа, театр ва санъат йўналишида турли машғулотларда иштирок этади.

 

 

«Менинг энг катта ташвишим, мақсадим – ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади», деган давлат раҳбари болаларга.

 

Маълум қилинишича, таълим даргоҳида «хавфсиз мактаб» тизими ишлайди. Бунинг учун муассасага кириш-чиқишда Face ID дастури қўйилган. Шунингдек, қуёш панеллари ўрнатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//