“Миллийлик хусусида беш сабоқ”, “Ўргимчак инидан репортаж”, “Кичик хонимнинг катта уруши” – “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
18:20 / 14.10.2024 31 0

“Жумла тузишда сўзларни ўз ўрнига қўя олмаслик иллати шу қадар кенг тарқалиб кетдики, айримлар замонавий нашрларни ўқишдан безиб қолди, телерадиони кузатмай қўйди. “Очиқдан очиқ аёлларга дискриминация”, “гижжалар билан қандай уй шароитида курашиш мумкин?” деган жумлалар ва телба-тескари иборалар ҳар нарсани ўқиб-эшитишга интиладиган ёш авлоднинг тафаккурини бузиши бутун жамият келажаги учун зарардир. Ҳозир баъзилар таржимаи ҳолини ё таътилга чиқиш аризасини ҳам ёза олмаслиги мана шундай – майда кўринган, лекин томиб-томиб кўл бўлган иллатларнинг оқибати бўлса керак.” Она тилимизга нисбатан кузатилаётган қусурлар ҳақида мулоҳаза юритилган Анвар Бобоевнинг “Сўзнинг тузи нимада” мақоласи тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2024 йил 3-сонида танишинг.

 

“Олмон файласуфи Ф.Ницше ижодининг чўққисига чиққан пайтида ўзи етишиб чиққан бутун ғарб маданияти, ахлоқи, дини ва маънавий бойликларини рад этиб, улар ўрнига янги маданият, ахлоқ, дин, маънавият яратмоқчи бўлади. Натижада умрининг охирги ўн йилини телбахонада ўтказади. Ибратли мисол! Маънавиятли инсон – яратувчан, яратиқларни асровчи, ҳеч бўлмаганда фарзанди ёки неварасига ибрат бўлишни исташи керак.” Журналнинг “Мулоҳаза” рукнида маънавият ва маданиятнинг базаси бўлиб хизмат қилувчи омиллар ҳақида Виктор Алимасовнинг фикр-мулоҳазалари “Маънавиятнинг сири нимада” сарлавҳаси остида  эълон қилинган.

 

“Парол сўзи рус тили орқали луғатимиздан ўрин олган бўлиб, илгари ҳарбий терминологияда кенг ишлатилган. Қадимда парол ўзлашмаси билдирган маъно асл туркийча им ҳамда ўрон истилоҳлари иштирокида англашилган. Ўзлашма атаманинг маъно-мазмунини эътибордан қочирмаган ҳолда уни очқич сўз бирикмаси билан алмаштириш мумкин.”  “Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласида она тилимизга кириб келаётган ҳамда ўзлашаётган янги (чет) сўзлар ва уларнинг бисотимиздаги муқобили ҳақида мутахассисларнинг тавсиялари билан танишасиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларида “Келажак дарвозаси” (Санжар Тошбеков), “Ойга интилсанг, юлдузлар орасида бўласан” (Шаҳло Турдиқулова), “Дилемма: мужодалами ё муроса” (Собиржон Ёқубов), “Гул гулдан ранг олади” (Рустам Турсунов) мақолалари, “Ёриқ кўза билан сувга борманг” (эколог олим Холмат Зокиров билан) суҳбати, “Мактаб амма” (Бек Али), “Қуёш ҳаммамизни танийди!” (Тоштемир Турдиев) эсселарини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Жўнатилмаган мактуб” (Собир Ўнар), “Қалтис саволларга нозик жавоблар” (Ҳикматилло Тоштемиров), “Уч юз йиллик йўл” (Баҳодир Карим), “Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам снайпер…” (Гулнора Қўшжонова), “Ўйин ичида ўйин” (Байрам Али), “Ўзбекистон ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” (Раҳматулла Нуримбетов) ҳақида сўз боради.

 

“Миллатга, халққа, башариятга деяётганим йўқ, ҳеч бўлмаса ўзингизга ўзингиз ибрат бўлинг! “Нажот ичингдадур” дейди-ку Румий. Н.Бердяев эса “Ўзингдан ўзмай – илгари кетмай комилликка етмак йўқ” деган. Маънавият – мудом сабоқ. Сабоқ олиш ва сабоқ бўлиш.” “Маънавиятнинг сири нимада” мақоласидан олинган бу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт” билан “сабоқ олиш” ва “сабоқ бўлиш” миссиянгизни тиниқлаштириб боринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//