Сиёсат
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ҳукумати билан Иссиқкўлдаги курорт ва дам олиш масканлари тўғрисидаги келишувни тасдиқлади. Битим Садир Жапаровнинг 2024 йил июль ойидаги Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланган эди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ушбу келишувни 23 сентябрда ратификация қилди.
Ҳужжатга кўра, Иссиқкўл соҳилидаги аввал Ўзбекистонга тегишли бўлган қуйидаги тўртта панционат ўзбекистонлик инвесторларга 49 йилга ижарага берилади:
«Дилором» — «Асакабанк»ка;
«Олтин қумлар» — Тошкент механика заводига;
«Роҳат» — «Ўзмиллийбанк»ка;
Қурилиши тугалланмаган «Бўстон» мажмуаси — «Ўзсаноатқурилишбанк»ка.
Инвесторлар объектларни 3−4 юлдуз даражасида реконструкция қилиши, шунингдек, ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқароларидан иборат бўлиши керак. Ҳар бир объект учун тахминий инвестиция миқдори 15−20 миллион долларни ташкил этади.
Битимнинг бажарилиши учун жавобгарлик Давлат активларини бошқариш агентлиги зиммасига юкланади. Ташқи ишлар вазирлигига Қирғизистон ҳукуматига шартноманинг кучга кириши учун тартиб-таомилларнинг бажарилиши тўғрисида билдиришнома юбориш топширилди.
Ушбу тўрт панционат 2016 йилга қадар Ўзбекистонга тегишли бўлган. 2016 йилда Қирғизистон томони уларни миллийлаштирган. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳолат юзасидан АҚШдаги халқаро арбитражга даъво аризаси берган. Тошкент қирғиз томонини собиқ СССР давлатлари ўртасида иттифоқ парчаланганидан кейин бошқа республика ҳудудида қолиб кетган объектлардан фойдаланиш бўйича 1992 йилда имзоланган келишувни бузган, деб ҳисоблаган.
2023 йилда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон делегацияси «Энесай» (собиқ «Дилором») панционатига ташриф буюриб, уни кўздан кечирди. «Дилором», «Олтин қум» ва «Роҳат» панционатлари инвесторлар ихтиёрига бериш режалаштирилгани маълум қилинди.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ