Маданият
Жорий йилнинг 19–21 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган 6-халқаро анъанавий тўқимачилик “Атлас байрами” фестивали ўтказилди.
2015 йилдан буён ЮНЕСКО ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган фестивалда дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган 60 нафар соҳа мутахассислари иштирок этди.
Уч кун давом этган фестивалда конференция, мода намойишлари, кўргазмалар, халқ сайли, аския ва катта ашула ижрочилиги каби намойишлар ўтказилди.
Фестиваль дастуридан шунингдек, дорбоз чиқишлари, миллий ҳунармандчиликнинг каштачилик, ипак матолар ва кийим-кечак тақдимотлари ҳам ўрин олди.
Модалар намойишида миллийлик ва замонавийликни ўзида мужассам этган либослар тақдим қилинди.
Намойишларда Марказий Осиё, Европа, Осиё ва Тинч океани минтақасидан ташриф буюрган бир қатор дизайнерлар ўз коллекциялари билан иштирок этди. Маҳаллий ва хорижлик профессионал дизайнерлар томонидан яратилган хонатлас, кўркам атлас, бахмал, нафис шойи, сўзана каби миллий матоларимиздан тайёрланган турфа услубдаги либослар томошабинлар эътиборига тақдим этилди.
Томошабинлар юксак маҳорат билан тайёрланиб, бир-бирини такрорламайдиган ўзгача услуби, шакли, нақши ва ранглари билан ажралиб турган миллий ва замонавий либосларни жонли кўриб баҳолаш имконига эга бўлди.
Ўзбекистонлик этно-маданий анъаналарнинг ижодий талқини учун Зуҳра Худойқулова, модада анъанавий каштачилик санъатини мукаммал тақдим этган Мадина Қосимбоева, мода дизайни орқали анъанавий тўқимачиликни сақлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Марҳамат Умарова, қирғизистонлик эркаклар коллекциясида қўлланган ечими учун Мирраҳим Тўқтоғулов, анъанавий маданият орқали образларни очиб бергани учун Буюк британиялик Шайх Умар Мансур ва бир қанча дизайнерлар ғолиблар қаторидан жой олди.
Олтинчи халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалининг ёпилиш маросими турли номинациялар бўйича ғолибларни эълон қилиниб, тақдирлаш билан якунига етди.
Машҳур ва ҳаваскор санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури эса томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Матн ва фото муаллифи Гулноза Адҳам қизи
Oyina.uz
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ