“Вақтим йўқ, деганларга телефонига қанча вақт сарфлашининг статистикасини кўрсатишим мумкин” – Отабек Ҳасанов ёшларни китобхонликка чақирди

Сақлаш
17:42 / 25.06.2024 343 0

24 июнь куни Ёшлар ижод саройида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ёшлар билан учрашди. Тадбир “Ёшлар ойлиги” доирасида ташкиллаштирилиб, унда талабалар ва турли соҳада фаолият юритувчи ёш етакчилар иштирок этди.

 

 

Отабек Ҳасанов ёшларнинг тафаккури фақат китоб билангина бойиши мумкинлигини айтиб, учрашувда “Нима учун китоб ўқишимиз ёки ўқимаслигимиз керак?” деган савол атрофида суҳбат олиб борди.

 

 

“Онгни ўзгартирмагунча инсонни қашшоқликдан чиқариб бўлмайди. Инсон кунига камида 5 саҳифа китоб ўқимас экан, унинг миясидаги “кинотеатр” фақат оқ-қора тасвирлардангина иборат бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳар куни мутолаага вақт ажратишимиз шарт! Агар вақтим йўқ, десангиз мен Сизга телефонингизда қайси иловага қанча вақт сарфлаганингиз бўйича кунлик статистикани кўрсатишим мумкин” – дейди Ҳасанов, “вақт йўқ” дейиш фақат баҳона эканини таъкидларкан.

 

 

Учрашувда китобхонликдан ташқари, ватанпарварлик ва лидерлик маҳоратларига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди. Тадбирнинг айни шу қисми янада фаол ва қизғин кечди.

 

 

Тадбирда Айсанем Юсупова ҳам меҳмон сифатида иштирок этди. Актриса “Ўзбек қизи” фильмидаги ролига оид ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб бераркан, Ватан тинчлиги қанчалик буюк неъмат эканига тўхталиб ўтди:

 

 

 

“Ижро этган ҳар бир ролим мени тарбиялайди. “Ўзбек қизи” фильмидаги бир эпизодимда “Яхши ҳам тинчлик, осойишталик даврида туғилганман. Яхши ҳам ҳозир бизда тинчлик, хотиржамлик бор” деган ҳислар ичимдан ўтган ва биринчи навбатда тинчликни қадрига етганман” – дейди у.

 

Отабек Ҳасанов бу фикрларни тасдиқларкан, “Зато осмонимиз мусаффо-ку!” дейдиган ёшларга қарата шундай дейди:

 

 

“Зато осмонимиз мусаффо” деб кесатиқча айтадиган ёшларга айтар гапларим бор:

 

Ташқи сиёсат тилида айтганда, ҳозир глобал ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Инсоният БМТ ташкил этилганидан бери 75 йил ичида бирор марта бунчалик хавфли зонада бўлмаган. Эрталаб уйғонсанг, қизил тугмаси бор давлатларнинг кескин қарорларидан авлодларинг учун қўрқасан, сергак тортасан. Лекин тинч юртда ўтириб, ижтимоий тармоқларда бундай гапларни ёзиш инсофсизлик, ношукрлик саналади. Шундай ёзадиганларни 3 кун Ғазо секторига олиб бориб қўйиш керак. Кечагина Доғистонда содир бўлган терактни ёки Харьковдаги отишмаларни ҳеч кимга раво кўрмайди, киши. Бир дона ўқ товушининг ўзидан кейин ҳам шундай дермикан, улар?

 

Бутун дунёдаги кўнгилсизликларни кўриб ҳам тинчликни қадрига етишимиз зарур. Бу баландпарвоз гап эмас. Сиз-у бизнинг ота-боболаримиз тинчлик неъматини бизга олиб бердими, мен ҳам Худо хоҳласа набираларим менинг ёшимга етгунича меҳнатим, ақлим, фаолиятим билан юрт тинчлигини таъминлаб беришим керак”.

 

 

“Мен ҳам ижтимоий тармоқларда кўп кузатаман, ёш қизларимиз арзимаган сабаб туфайли сиқилиб, ҳатто ўз жонига қасд қилишни ўйлайди. Мен уларга уруш давридаги қийинчилик олдида мазкур маиший муаммолари ҳеч нарса эмаслигини айтгим келади. Биз буви-буваларимиз кўрган қийинчиликларни кўрмадик. Аслида, Ватан олдидаги бурчнинг аёл-эркаги, катта-кичиги бўлмайди. Бу масъулиятни барчамиз тенг ҳис қилишимиз зарур” – деб қўшимча қилди Айсанем.

 

Тадбирнинг савол-жавоб қисмида Отабек Ҳасанов ўзининг “Лидерлар китоби”ни бўлажак етакчиларга ўз дастхати билан улашди.

 

 

Ёшлар жамоавий бошқарувга оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан бир қаторда, жамият учун фойдали бўлган таклифларини ҳам киритди.

 

 

“Йигирма йил аввалги статистикага нисбатан қаралса, республикамиздаги кутубхоналар сони кескин камайган. Не бахтки, ҳар бир туманда Ахборот-кутубхона марказлари сақланиб қолган. Кутубхоналар кўп эмас, лекин шу бор кутубхоналаримизнинг ҳам эгаси кўп. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам, Миллий кутубхона ҳам, тегишлилиги бўйича туман ҳокимликлари ҳам – ҳаммаси ахборот-кутубхона марказига хўжайин! Бирига мониторинг учун ҳужжат юборади, бирига ҳисобот топширади, бири эса АКМ директорини ишга олиб, ишдан бўшатади. Менга маълум бўлган уч раҳбар орасида сарсон кутубхоначиларнинг эса китобхонларга вақти йўқ. Кутубхоналар, майли, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурига ўтказилсин. Аммо сансоларлик барҳам топсин” – дея таклиф билдирган Отабек Исроилов “Девони Машраб” китобини совға сифатида Марказ раҳбарига топширди.

 

 

“Инсон иқтисодий бой бўлиб, маънавий қашшоқ бўлса, у одам билан узоқ гаплашиб ҳам бўлмайди. Маънавий бой бўлиб, иқтисодий қашшоқ бўлса, демак у бор билимини йўналтиришни билмабди. Ҳам маънавий, ҳам иқтисодий бой бўлса, демак у одам ҳаётда нимагадир эришибди” – дейди раҳбар.

 

Отабек Ҳасанов китоб мутолааси билан боғлиқ қизиқ дунё статистикаси билан бўлишди. Унга кўра, дунё аҳолисининг атиги 50 фоизи мунтазам китоб ўқийди. Сингапур дунёдаги энг юқори саводхонлик даражасига эга (96%) мамлакат саналади. Америкаликларнинг 73%, британияликларнинг 71%, Россияликларнинг эса 60% йилига камида битта китобни ўқиб, тугатади.

 

Ўқиш қобилияти паст бўлган катталарнинг 43 фоизи қашшоқликда ҳаёт кечиради.

 

 

Рақамлардан ҳам англаш мумкинки, Сингапурдаги китобхонлик даражаси бошқа мамлакатларга кўра сезиларли даражада юқори. Шунинг учун ҳам энг креатив ва замонавий стартапларнинг кўпчилиги шу мамлакатга тегишли бўлади.

 

 

Ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда Ёш китобхон танловининг 2022 йилги 1 ўрин ғолиби ҳам иштирок этди. У танловдан ютиб олган автомобиль, ундан қувонган қишлоқ аҳолиси ҳамда ҳайратга тушган туркий давлат ёшлари ҳақида гапириб, мамлакатдаги китобхонлик маданиятига эътибор даражаси бўйича бир мисол келтирди:

 

Отабек ака, бугун Сирдарёдан сизга раҳматлар олиб келдим. Инсон ўзи муваффақиятга эришса, бир қадам юксалади. Ўзининг ортидан ота-онаси муваффақиятга эришганида эса минг қадам. Яқинда қўллари меҳнатдан қаварган онам “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Онам: Болам, мен ўқимаган, университетда таълим олмаган бўлсам, менга нега мукофот берди, деди. Ая, мени дадам Сиз ўқитгансиз-ку, дедим. Мана шу ҳам мамлакатда китоб маданиятига бўлган эътиборнинг юксак намунаси саналади”.

 

 

Тадбир сўнгида бўлажак лидерлар, ташкилот ходимлари, талабалар, умуман, барча эсдалик суратга тушди.

 

 

Отабек Ҳасанов Ёшлар агентлигига ўз миннатдорчилигини билдирди ва томонлар бир-бирига эсдалик совға ҳамда ташаккурномаларини тақдим этди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//