Ҳаётдаги қийин вазиятларни қандай енгиш керак?

Сақлаш
17:55 / 13.06.2024 203 0

Ҳаётда бахтли кунлар каби, кишининг дилини хира қиладиган, стрессга олиб келадиган, тушкунликда ўтадиган дамлари ҳам кўп бўлади. Айрим инсонларнинг бундай кунларни енгиб ўтишда ўз «услуб»и бўлади. Масалан, саёҳат қилиш, қариндошларини йўқлаш, қандайдир спорт билан шуғулланиш ва ҳоказо. Бироқ ҳамма ҳам қийин вазиятларда ўзини бошқара олиш кўникмасига эга эмас.

 

Бундай даврларда уларда ҳам руҳий, ҳам жисмоний оғриқлар кучаяди.

 

Бундай пайтда энг асосий маслаҳат – бошқа бировни айбламаслик. Қийин пайтларда инсон ўзини шу муҳитга мослаштириши лозим. Сабр қилиши, фурсатни кутиши ва меҳнат қилиши зарур. Тўғри, бу унчалик осон эмас, аммо айнан курашувчалик инсонни бахтли кунларга олиб чиқади.

 

Агар инсон тушиб қолган мушкул вазиятида бошқа бировни айласа, афсусланса ва нолиса, у қайта-қайта ўша қийинчиликка тушаверади. Бу худди бир жойда айланишга ўхшайди. Аслида, муаммони айланиб ўтиш эмас, уни енгиш керак. Шундагина бундай қийинчилик «бошқа қайтиб келмайди».

 

Хўш, қийин вазиятдан чиқишнинг формуласи борми?

 

Афсуски, бунинг аниқ формуласи йўқ. Лекин мутахассислар тажрибадан ўтган баъзи маслаҳатларни бера олишади. Булар:

 

◻️ Қийинчиликка тушганда инсон ўз мақсадини аниқлаб олиши керак. Яъни, у ўзи учун нимани исботлаши лозим бўлса, ана шунга қараб ҳаракат қилиши зарур. Бунда ана шу мақсад унинг ёруғ кунларга чиқишига ёрдам беради.

 

◻️ Яқинлар билан дардлашиш керак. Стресс бир кишини албатта «йиқитади». Шунинг учун дўст, ака-ука ёки опа-сингил, ота-она ва яна бошқа яқин инсонлар билан кўпроқ суҳбатлашиш, уларга бошидан ўтказаётган ҳиссиётлари ҳақида гапириб бериши керак. Бунда у ўзига ғамхўрлик қилувчи томонларни ҳис қилади. Бу эса унинг стрессдан чиқишига ёрдам беради. Маълум бўлишича, яқинлар билан дардлашиш ўз жонига қасд қилиш фоизини ҳам камайтирар экан.

 

◻️ Агар ташвиш қийнаётган бўлса ва бунда фикр бир жойга келмаса, қўлга муз олиб, уни қаттиқ ушлаб туриш керак. Бунда музнинг қўлга берган «азоб»и фикрларни бир жойга жамлашга ёрдам беради. Чунки киши бу пайтда диққатини совуқ «нуқта»га қаратади.

 

◻️ Бундай пайтларда газета, журнал ёки афишаларни майда майда қилиб йиртиш ҳам тавсия қилинади. Бу кишининг ички ҳиссиётини меъёрга келтиради. Руҳий жиҳатдан мўътадиллашади.

 

◻️ Сиқилган вақтда душ қабул қилиш ҳам яхши самара беради.

 

◻️ Нафас машқини қилиш лозим. Бунда чуқур нафас олинади ва секин-асталик билан чиқарилади. Бу кишининг асабини анчагина тинчлантиради.

 

◻️ Бошдан ўтаётган қийинчиликлар ҳақида қоғозга ёзиш ҳам яхши усул. Бунда инсон худди ким биландир дардлашаётгандек бўлади. Аслида эса у ўзининг стрессини ўзи билан суҳбатлашиш орқали тарқатиб юборади.

 

◻️ Қийин дамларда кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилиш ҳам фойдали.

 

◻️ Оғир пайтларда шахс ўзини қадрлайдиган, уни севадиган ва ўзи учун ҳам азиз бўлган инсонлар ҳақида ўйлаши керак. Бу унинг яна мотивация топишига кўмаклашади.

 

◻️ Имкон қадар позитив нарсалар ҳақида ўйлаш керак.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//