«Энг намунали туман ва шаҳар» ҳамда «Энг намунали вазирлик ва идора» танлови ғолиблари эълон қилинди

Сақлаш
21:07 / 15.12.2021 1379 0

Хабар берганимиздек, бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказилган «Энг намунали туман ва шаҳар» ҳамда «Энг намунали вазирлик ва идора» танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

«Энг намунали туман ва шаҳар» йўналишида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳамда Фарғона вилоятининг Бувайда тумани 75,6 балл билан 1-ўрин, «Энг намунали вазирлик ва идора» йўналишида эса Мудофаа вазирлиги 96,9 балл билан 1-ўринни эгаллади. Танловнинг мутлақ ғолибларига Президент совғаси – «Дамас» автомобили ва 15 миллион сўмлик китоблар тўплами тақдим этилди. Танловда 2–5-ўринларни эгаллаган жамоалар ҳам пул мукофоти ва китоблар тўплами билан тақдирланди.

 

Танлов ҳақида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов фикр билдирар экан, халқнинг ўзлигини, маданияти ва маънавий илдизларини сақлаб қолишда маънавиятнинг ўрни катта эканини таъкидлаб ўтди.

 

— «Маънавият шундай омилки, у миллатни миллат, халқни халқ, давлатни давлат сифатида катта кучга айлантира олади. Шу нуқтаи назардан Президентимиз ташаббуси билан маънавий-маърифий соҳадаги илғор ташаббусларни рағбатлантириш, бу борадаги тажрибаларини оммалаштириш мақсадида катта ишлар олиб борилмоқда. Ўз ташаббуслари билан ибрат бўладиган ташкилотларни рағбатлантириш катта натижа беради. Шу маънода ушбу танлов ҳам бизга энг яхши ташаббусларни аниқлаш, уларни оммалаштириш ва янада ривожлантириш имконини бериши билан аҳамиятли», — деди у.

 

Биринчи ўринни эгаллаган ҳудуд ва вазирлик вакилларининг танлов ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

 

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлим бошлиғи подполковник Ойбек Мамадалиевнинг фикрича, ушбу танлов янги имкон ва ташаббусларни беради:

 

— Идора ва вазирликларда маънавий ва маърифий ишлар борасида амалга оширилган ишлар доирасида ўтказилган танловда биринчи ўринни эгаллашимиз осон бўлмади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Мудофаа вазирлигига, қуролли кучлар, маънавият соҳасига катта эътибор берилаётгани мана шундай ютуқларимизга сабаб бўлмоқда, албатта. Қолаверса, бунинг остида вазирлик томонидан йўналиш доирасида олиб борилаётган жуда катта ишлар, ҳаракатлар ва ҳар бир ходимимизнинг меҳнатлари ётибди, деб ҳисоблайман. Ушбу ютуқ келажакда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида катта қадам, катта рағбат бўлди. Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Маънавият соҳасида олиб борилган ишларимизни янада жонлантириш, янада кучайтиришда давом этамиз.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокими ўринбосари Алиев Бекзод:

 

— Туманимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тайёрлаш, маънавиятини ошириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, маҳаллаларда илмли кишилар, профессорлардан иборат «Маҳалла ҳомийлари» рўйхати шакллантириб, улар иштирокида турли маънавий тарғиботлар олиб боряпмиз. Улар бугун бизга катта кўмакчи бўлишмоқда. Боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла ва оилаларда тарбия узвий йўлга қўйилса, маънавий ишларда дангасалик қилинмаса, янги ташаббуслар билан чиқилса ўз натижасини беришига бугун яна бир бор амин бўлдим. Бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттирамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни бажарарканмиз, бунда маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар алоҳида аҳамият касб этади, албатта.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//