Жамият
Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» амфитеатрида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суратга олинган «Баҳодир Ялангтўш» тарихий-бадиий фильмининг илк катта премьераси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, директор ўринбосари Шуҳрат Ризаев, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бошчилигидаги фильм ижодий гуруҳи, журналист ва блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Қайд этиш лозимки, агентлик томонидан суратга олинган фильмнинг премьераси биринчи марта пойтахтда эмас, вилоятда ўтказилди.
Фильмга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланишича, картинага 31,5 миллиарддан ортиқ маблағ сарфланган. Шундан 10 миллиардини Самарқанд вилоят ҳокимлиги ажратган. Картинада визуал эффектлар, график технологиядан фойдаланганлиги боис, бюджетнинг 8 миллиарди янги технологиялар сотиб олиш ва ўрнатишга сарфланган.
Баҳодир Ялангтўш ҳақида маълумот камлиги боис, сценарийни ёзишда тарихчилар билан ҳамкорликда ишлангани айтилди. Сценарий муаллифлари Жаҳонгир Аҳмедов, Ҳасан Тошхўжаев. 3 йил давомида суратга олинган кинокартинада Регистон мажмуаси бунёдкори, Самарқандга ҳокимлик қилган саркарда Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳикоя қилинади. Амир Ялангтўшнинг Бухоро хонлигининг икки сулола даврида ҳам барча ҳарбий юришларида иштирок этгани, йирик ғалабаларни қўлга киритгани тасвирланади.
Картинанинг кинопрокати ҳақида берилган саволга, Агентлик директори Фирдавс Абдухолиқов айни пайтда Канн фестивали ташкилотчилари билан келишув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Ойина.уз журналистининг фильм кинопрокат учун маҳаллий ва хорижий киноэкранларга чиқариладими ёки бошқа тарихий фильмлари сингари телевидениеда эфирга узатиладими, деган саволи очиқ қолдирилди.
Маълумот учун, 30 май, пайшанба куни пойтахтдаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида «Баҳодир Ялангтўш» фильмининг катта премьераси ўтказилиши режалаштирилган.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ