Қозоқ тили, тарихи ва Конституциясини билмаганларга мамлакат фуқаролиги берилмаслиги мумкин

Сақлаш
15:35 / 17.05.2024 1872 0
Фото: Tengrinews.kz

Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев “Қозоғистон Республикасининг аҳоли миграцияси соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва жазо ижроси тизимига оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисидаги қонунни имзолади.

 

Қонуннинг янги таҳририда мамлакат фуқаролигини олиш ёки тиклашни рад этишга асос бўладиган янги сабаблар киритилган. Эндиликда:

 

- вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлар;

- давлат тилини элементар даражада билмаганлар;

- Қозоғистон Конституцияси асосларини ва мамлакат тарихини етарли даражада билмаганлар Қозоғистон фуқаролигини ололмаслиги мумкин.

 

Шунингдек, янги таҳрирга Қозоғистонда доимий яшаш учун рухсат олиш ҳуқуқини берувчи кўп марталик инвесторлик визаси ҳамда талабгир касб эгалари учун виза ҳам киритилган.

 

Кимлар Қозоғистон ҳудудига киритилмайди?

 

- Экстремистик ва террористик ташкилотларга алоқадор шахслар;

- Рецидивистлар (қайта жиноят содир этганлар);

- Уюшган гуруҳлар (жиноий ташкилотлар) етакчилари;

- Вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганлар;

- Қозоғистонда оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган ва халқаро шартномалар асосида фуқаролиги бўлган давлатларга ўтказилган шахслар мамлакат ҳудудига киритилмайди.

 

Бундан ташқари, қонунда жазони ижро этиш ташкилотлари – тергов изолятори ва вақтинчалик изоляторлардаги кузатув камералари тизимига зарар етказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

 

Ҳукумат томонидан белгиланган ҳудудларга кўчиб ўтаётган одамларга деҳқон ёки фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ажратиш ҳам янги таҳрирда назарда тутилади. Кўчирилаётганлар ва уларнинг оила аъзоларига давлат ёрдами сифатида кўчиб ўтиш учун субсидия кўринишидаги моддий ёрдам тақдим этилиши ҳам мумкин.

 

Қонунга шунингдек, аҳоли миграцияси соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича бошқа қўшимча ва ўзгартиришлар ҳам киритилган.

 

Маълумот ўрнида, қозоқ тилини билмаганлар учун мамлакат фуқаролигини бермаслик тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2022 йилнинг ноябрида тайёрланган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//