Товламачилик қилган блогер қамалди

Сақлаш
12:34 / 16.05.2024 1663 0

Маълум бўлишича, воқеа Фарғона вилояти Бувайда туманида бўлиб ўтган.

 

Санаси аниқ очиқланмаган хабарда Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори туманнинг А.Навоий кўчасида хизмат олиб бораётган пайтда қарздорлиги ва ҳужжатларини текшириш учун фуқаро бошқарувидаги «Спарк» русумли автомашинани тўхтатади.

 

Машина тўхтаб, инспектор ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим қилишини сўраганида, фуқаро ҳужжатлари уйда қолиб кетганини айтади.

 

Инспектор қонун талабига асосан бундай ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштириши лозим. Шундан сўнг транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилади. Аммо ҳайдовчи «онаси касаллигини» айтади ва инспекторга пул таклиф қилади. Бунақа вазиятда инспектор ҳайдовчининг ноқонуний таклифи юзасидан ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиши лозим, аммо ходим билдирги ёзмайди, пулни ҳам олмайди.

 

Бу вақтда блогерлик билан шуғулланувчи шахс (ҳайдовчининг таниши, исми очиқланмаган) ҳолатни телефони билан тасвирга олиб турган бўлади.

 

Эртаси куни ўша блогер Бувайда туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи бошлиғининг хизмат хонасига кириб боради ва инспекторнинг «қилмиши» ҳақидаги сохта кадрларни кўрсатади. Шунингдек, блогер инспекторни пора олганликда айблайди.

 

Кейин ходимни ишдан олинмаслиги ва видео тарқалиб кетмаслиги учун 15 минг доллар сўрайди.

 

У кетгач ходимлар товламачиликка нисбатан қонуний йўл тутади.

 

Инспектор вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги киритади. Икки кундан сўнг эса мазкур ҳолат бўйича ўтказилган тезкор тадбир жараёнида блогер Бувайда туман ИИБ ЙҲХ гуруҳи биносида инспектордан талаб қилинган 15 минг АҚШ долларининг 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ушланади. Натижада, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

 

Кейинчалик суриштирувларда блогер ва унинг яна бир нечта шериклари бир қатор ноқонуний ишларга алоқадор бўлиб чиқади.

 

Якунда Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди судланувчиларни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топади.

 

Блогерга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

 

Унинг шерикларига – бир нафарига озодликни чеклаш, икки нафарига ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси берилади.

 

Шунингдек, яна бир нафар шеригидан давлат фойдасига 120 миллион 54 минг сўм қиятида бўлган зарарни ундириш белгиланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//