Бу йилги «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари 1 соат давом этиши белгиланди

Сақлаш
14:57 / 14.05.2024 532 0

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларида 2023/2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари:

 

◻️ жорий йилнинг 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади;

 

◻️ мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади;

 

◻️ маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади;

 

◻️ фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади;

 

◻️ йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилади;

 

◻️ мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она», «Аълочи ўқувчи отаси», «Билимли қиз онаси» номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади.

 

Шунингдек, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш давомида қўйиладиган тақиқлар ҳам белгилаб ўтилди.

 

Жумладан:

 

➖ турли ресторан ва кафелар, хонадонларда «Битирув оқшомлари»ни ўтказиш, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;

 

➖ битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш;

 

➖ ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.

 

«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимдаги барча ходимлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан жорий ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказишда мазкур тавсияларга амал қилишларини сўраб қолади», дейилади хабар сўнгида.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//