Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ ҳайдовчи ЙПХ инспекторини уриб юборди

Сақлаш
20:03 / 13.05.2024 701 0

Маълум бўлишича, воқеа кеча, 12 май куни соат тахминан 19:20 ларда Чилонзор туманида содир бўлган.

 

 

Ўша куни ЙПХ инспектори Ҳумоюн Шарипов ўз хизмат вазифасини ўтаётган вақтида Лутфий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган «BYD» русумли давлат рақам белгиси 10 Y 070 GB бўлган автомобиль ҳаракатланишидан шубҳаланади ва ҳуштак ҳамда жезл ёрдамида тўхташ ишорасини беради.

 

Бироқ, ҳайдовчи — 2002 йилда туғилган О.А. (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эмас) ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттиради ва 150-200 метр ўтиб ортга қайрилиб олган вақтида, ЙПХ инспектори қайта тўхташ ишорасини бериб, автомашиналар ҳаракатини тўлиқ тўхтатади.

 

О.А. эса ИИО ходимининг қонуний талабларини қасддан бажармаган ҳолда, ЙПХ инспекторини устига машинасини ҳайдаб, уни уриб юборади.

 

Хабарга кўра, жиддий жароҳат олган ЙПХ инспектори Х.Шарипов «Иккала сон суяги синиши» ташхиси билан ҳозирда касалхонага ётқизилган.

 

«Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-моддаси 1-қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//