“Тўғри йўлни топиш масъулияти”, “Эйнштейн илҳомланган файласуф”, “Ижтимоий давлат” ҳақида “Tafakkur” журналининг янги сонида ўқинг

Сақлаш
14:35 / 10.05.2024 1522 0

“Биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?.. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз керак.” Султонмурод Олимнинг “Йўлни билмай юриб бўлмас” мақоласида бугунги техника асрида комил шахслик талабида нималарга эътибор қаратиш лозим, ортиқча ва зарур “юк”лар, инсонда ислоҳ қилиниши шарт бўлган “ҳудуд”лар ҳақида сўз борган. Мақоланинг тўлиқ матнини “Tafakkur” журналининг 2024 йил 1-сонида  ўқинг.

 

“Яқин ўтмишимизда “Сен Мустақилликка нима бердинг?” деган баҳсли шиор оммавий психоз тарзида бошқарув тизими ва ахборот воситалари фаолиятига сингдирилиган эди. Кейинги йилларда ғайриинсоний ва ғайриҳуқуқий тартиб-тутумлардан воз кечилди, лекин айрим замондошларимиз онгида “биз энг бахтиёрмиз” сингари ҳавойи шиорлар, оммавий психоз синдроми сақланиб қолгандек. Ғарбдаги ижтимоий давлатларда ўртача иш ҳақи бир неча минг доллар, бизда эса камтарона даражада. Бундай меҳнат ҳақи билан киши ўзини бахтиёр сезадими? Фаровонлик ҳақидаги ваъзларга ишонадими?” Виктор Алимасов “Ижтимоий давлат нима?” мақоласида жамиятнинг мақсади ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

 

“Сиёсий мақсадларни кўзлаган ҳар қандай ташкилот, тузилма мафкура жабҳасига эътибор қаратиши табиийдир. 1942 йилнинг август ойида ташкил қилинган Миллий Туркистон бирлиги қўмитасига Вали Қаюмхон раҳбарлик қилган. Мазкур мафкуравий тузилма Туркистон легионининг сиёсатини белгилаб берган. Қўмитанинг 15 та бўлими бўлиб, уларда минтақамизнинг зиёлилари, олим ва ижодкорлари фаолият юритган. Масалан, 25–30 кишидан иборат Миллий ташвиқот бўлими аскарлар орасида сиёсий мавзуларда суҳбатлар ўтказган.” “Тарих сабоқлари” рукнида “Туркистон легиони: ҳақиқат ва уйдирма” сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда легиончиларнинг таркиби, маслагу матлаби, хотимаси билан  танишасиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Ҳақиқатга садоқат”, “Тараққиёт, қўрқаман сендан!..”, “Умрзоқ мавзулар”, “Айтматов айтадики”, “Эйнштейн илҳомланган файласуф”, “Хотиржамлик, қайдасан?..” мақолалари, “Осмон, варақларинг бунчалар мовий!” шеърий туркуми, “Қўлда чўғ ушлаб” суҳбати, “Орзу билан хайрлашув” ҳамда “Бурилиш нуқтасида” мутолаалари, “Чақирилмаган қўноқ” моҳият жилолари ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Замон ва мезон”, “Ҳам табиб, ҳам тарбиячи”, “Аёл саводхон бўлса”, “Пўлат от”лар сиёсати” мақолалари эълон қилинган.

 

Буюк файласуф Иммануил Кантнинг “Инсонийлик бу – ўзгалар тақдирига хайрихоҳлик қобилиятидир” ҳикмати “Ҳаётсеварлик – ҳақиқатсеварлик демак”да берилган. Журналнинг ушбу сонига хулоса ўрнида келтирмоқчи бўлганимиз: “Tafakkur”ни ўқинг, ҳаётсевар ва ҳақиқатсевар бўлинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//