Шавкат Мирзиёев 9 май куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллади

Сақлаш
15:05 / 08.05.2024 1837 0

Президент шонли байрам – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан мўътабар фахрийлар ва кўп миллатли ўзбек халқини самимий муборакбод этиб, барчага ўзининг чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди.

 

«Ушбу қутлуғ кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушда жасорат кўрсатиб, башариятни фашизм балосидан сақлаб қолган қаҳрамон ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида мардона меҳнат қилиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган мард ва олижаноб юртдошларимиз хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром бажо келтирамиз.

 

Жанг майдонларидан омон қайтиб, мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган, бугунги кунда эзгу дуолари билан ҳаётимизнинг файзу фариштаси бўлиб келаётган қадрли уруш ва меҳнат фахрийларига чексиз ташаккуримизни изҳор этамиз.

 

Айни вақтда мустақиллик йилларида Ватанимиз озодлиги, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш ҳамда ўз хизмат бурчини адо этиш йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасини миннатдорлик билан эсга оламиз», деган давлат раҳбари.

 

Табрикда уруш йилларида фронтга сафарбар этилган 1 миллион 950 мингдан зиёд ўзбекистонлик жангчилардан 538 мингдан кўпроғи ҳалок бўлгани, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолгани, 870 мингдан ошиғи турли жароҳатлар олгани, 60 минг нафардан зиёди эса ногирон бўлиб қайтгани эсга олинган.

 

Қайд этилишича, уруш даврида 214 минг аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган, уларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») орденига сазовор бўлган.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон аҳолиси 1941-1943 йилларда мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағни, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширгани ҳам ғалабани яқинлаштиришга яна бир муҳим ҳисса бўлиб қўшилган.

 

«Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни албатта шараф билан адо этамиз.

 

Сиз, азизларни бугунги улуғ айём билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

 

Юртимиз тинч, халқимиз доимо омон бўлсин», деб якунланган президент табрикномаси.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси