Миллий қадриятлар чаманида ўзбек дўппиларининг ўрни баланд

Сақлаш
01:30 / 14.12.2021 1068 0

Оққан дарёлар... ҳа, қудратли, теран, ҳаётга чирой ва куч-қувват бергувчи дарёлар оқаверади. Улар ўз йўлидаги ҳар қандай тўсиқ, ғовларни охир-оқибат енгиб оқаверади.

 

Барча соҳаларда юксалиш одимлари барқарорлашиб бораётган мамлакатимизнинг маънавий, маданий ҳаётида ҳам ижобий ўзгаришлар беҳисоб, улар силсиласида асрлар давомида халқимиз турмушига сингиб кетган қадриятларнинг тикланаётгани юқоридаги ҳикматни ёдга солаверади.

 

 

Ер юзидаги миллату элатларнинг табиий яшаш шароитлари, этник жиҳатлари, тарихи ва маданиятининг ўзига хосликлари билан боғлиқ жиҳатлари, уларнинг қони ва руҳиятига сингиб кетган чиройли урф-одатлари, қадриятлар бор. Бу – ҳар бир миллат ўзлигининг ўзаги, шу билан бирга, инсоният маданият ва маънавиятининг бир-бирини тўлдиргувчи, бойитгувчи саҳифалари. ХХ аср – глобаллашув даврининг шиддатли тўлқинлари аждодлардан авлодларга қолган мана шу муқаддас меросни босиб, янчиб, йўқотиб бораётганини табиий ҳол деб қабул қилаётганлар, афсуски, оз эмас. Аммо замонавий дунёмизнинг энг тараққий этган давлатлари иқтисодий юксалишларига ўз халқининг асрлар силсиласида синовдан ўтган урф-одатлари, турмуш мазмун-моҳиятини бойитган қадриятлари қанот бўлаётганини кўриб турибмиз.

 

 

Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёвнинг бебаҳо маънавий-маданий меросларимиз, қадриятларимизни тиклаш, ҳаёт тарзига айлантириш борасидаги ташаббуслари, ғамхўрликлари, бу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишлар Янги Ўзбекистоннинг ҳар жиҳатдан салоҳиятли бунёдкорлари камол топишига хизмат қилади. Кейинги йилларда алоҳида эътибор қаратилаётган мақом, бахшичилик санъатимиз; дўппи, атлас, адрас каби миллий ҳунармандчилигимиз соҳаларини ривожлантириш; қорабайир отлар наслини кўпайтириш, яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар аксарият юртдошларимиз дилидаги муддаоларнинг айни рўёби бўлди.

 

Азалдан ўзбекни билганлар бошида дўппи билан тасаввур қиладидар. Табиий иқлим шароитимизда бошни иссиқ, совуқ, шамол, намгарчиликдан асрайдиган, кийганларга кўрку чирой бағишлайдиган турли дўппиларни тикувчи-тайёрловчилар ҳудудларда ҳунармандлар сулоласига айланиб кетган. Минг-минглаб дўппидўзларнинг нина билан бажарган заргарона меҳнатларига энг катта мукофот – дўппиларнинг кийилиши, бошларга кўтарилишидир. Кейинги йилларда, беадад шукрлар бўлсин, дўппилар маълум тадбирлар пайтидагина эмас, балки кундалик ҳаётда қизалоғу болакайлар, ўсмирлар, йигит-қизлар кийиб юрадиган кийимлардан бирига айланиб қолди. Чаманлар рамзи бўлган ироқи, чарх гумбазининг шартли ифодасини топган бодом гулли дўппиларни кийиб олган юртимиз сайёҳлари юзларида бошқача қувонч, ҳаяжонни ҳис этганмисиз?

 

 

Бундан бир неча йилгина муқаддам миллий урф-одатлар билан боғлиқ тадбирларнинг саноқли иштирокчиларигина бошда дўппи, эгнида адрас ёки атлас либос билан атрофдагиларнинг диққатини тортган бўлса, бугун диёримизнинг узоқ-яқин ҳудудларида ўтказилаётган маънавият фестиваллари, турли кўрик-танловлар, тадбирларнинг ташкилотчилару иштирокчиларининг аксарияти бу бетакрор кийимларимизни ифтихор билан киймоқда, улар миллий маданиятимизнинг онгли тарғиботчиларидир. Айниқса, Фарғона вилоятида бўлиб ўтган маънавият фестиваллари миллий либослардан бамисоли муҳташам жонли чаманларга айланиб кетди. Сирдарё вилояти ҳокимининг ҳамкорлиги, қўллаб-қувватлашида зиёлилар, маънавият жонкуярлари, ижодкорларнинг тадбирларда бошда дўппи билан иштирок этишлари қанчалар чиройли, ҳавас ва ибратга лойиқ бўлди. Шунинг учун ҳам бу ташаббусга қўшилганлар сафи ортиб бормоқда.

 

Республика Маданият вазирлиги ходимларининг кундалик иш пайтида дўппи билан юришни маъқул кўриб, шундай ташаббус билан чиққанлари, ўйлаймизки, “Ўзбек миллий либослари” деган кўҳна ва салобатли боғ(сарой)нинг  “Дўппи” деган боғча(кўшки)сини янада яшнатиб юборди. Демократик жамиятнинг холис назару муҳитида бу ташаббус миллий либосларимизни бажону дил, ифтихор билан кундалик либосга айлантираётган минг-минглаб юртдошларимиз қалби, истак-ихтиёрларига ҳамоҳанг бўлган қувончли ҳодиса, албатта. Зеро, ўзини ҳурматлаган халқ отининг туёғига қоқилган тақаниям қадрлаб, баландга қўяр экан.

 

Беихтиёр севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг дилларга нақш бўлган сатрлари тилга кўчади:

 

Қайга борсам, бошда дўппим,

Ғоз юрарман, гердайиб,

Олам ичра номи кетган

Ўзбекистон, ўзбегим.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг

маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини

таъминлаш бўйича маслаҳатчиси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//